
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 11 август куни бўлиб ўтган йиғилишда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун бизнес юритишни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар пакетини маъқуллади.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу тоифадаги шахслар учун 2030 йил 31 декабргача махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. У рўйхатдан ўтишдан тортиб, ҳисобот топшириш ва солиқ тўлашгача бўлган асосий хизматларни бирлаштирувчи интеграциялашган рақамли платформани яратишни назарда тутади.
Платформа орқали тадбиркорлар ўз фаолиятини расмийлаштириши, банк ҳисобварақларини очиши ва бошқариши, солиқларни ҳисоблаши ва тўлаши, ҳисоб-китобларни амалга ошириши ва чеклар шакллантириши мумкин бўлади.
Ушбу тизим доирасида тадбиркорлар электрон ҳамён очишлари мумкин бўлиб, бу уларга даромадларни қабул қилиш, ходимлар, контрагентлар ва ташкилотлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш имконини беради. Электрон ҳамёни бор якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун банк ҳисобварақларини очиш мажбурий бўлмайди.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб бу жараёнларда QR-кодлар ва «tap to pay» технологияси қўлланила бошлайди. Ҳужжатларни электрон калитсиз, масофавий биометрия ва SMS-хабарномалар ёрдамида имзолаш мумкин бўлади. Ушбу маълумотлар қоғоз ҳужжатларга тенглаштирилади.
Синов тариқасида ҳар кунлик тўловлар тартиби жорий этилмоқда, бу ходимлар билан электрон ҳамён орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар 1% миқдорида айланмадан солиқ тўлайди. Улар учун электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-коднинг мавжудлиги чакана савдо қоидаларининг мажбурий талабига айланади.