Ўзбекистонда «Ғалабанинг 80 йиллиги» хотира медали таъсис этилди

"Ғалабанинг 80 йиллиги" хотира медали

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги» хотира юбилей медали таъсис этилди.

Ушбу медаль билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар тақдирланади. Хусусан, 1941–1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши давридаги жанговор хизматлари учун «Германия устидан ғалаба учун», «Япония устидан ғалаба учун» медаллари ва бошқа орден-медаллар билан мукофотланганлар, шунингдек, уруш қатнашчиси ёки Улуғ Ватан уруши ногирони гувоҳномасига эга шахслар медаль билан тақдирланади.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши йилларида меҳнат фронтида фаолият олиб борган фахрийлар ҳам ушбу медаль билан мукофотланади. Жумладан, 1941–1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши даврида «Улуғ Ватан урушида фидокорона меҳнати учун», «Меҳнат шуҳрати», «Меҳнатдаги ажойиб ютуқлари учун» медаллари билан тақдирланган ёки уруш даврида Қуролли Кучларда фуқаролик лавозимида ишлаган шахслар ҳам медаль олади.

Мукофотланадиган шахсларнинг рўйхати Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда тасдиқланади.

Медаллар Хотира ва қадрлаш куни – 9 май муносабати билан бир марталик пул мукофоти билан бирга топширилади.