
Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard хусусий тўлов тизими) 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини тақдим этди.
2025 йил январь-июнь ойларида компаниянинг соф фойдаси 621,6 млрд сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 52,7%га кўп (406,9 млрд сўм).
Uzcard’нинг даромади 68,7%га ошиб, 953,3 млрд сўмни ташкил этди. Операцион фойда (даромад – таннарх – операцион харажатлар) 59,7%га ошиб, 636,4 млрд сўмга етди.
Ярим йиллик якунларига кўра, компания соф фойданинг 300 млрд сўмини дивиденд тўлашга йўналтирди, бу битта акция учун 6 000,14 сўмни ташкил этди (номинал қийматидан олти баравар кўп).
Тақсимланмаган фойда 730,5 млрд сўмга етди (+2,8 баробар), активлар қиймати 57,9%га ошиб, 997,3 млрд сўмни ташкил этди.
2022 йил октябрь ойида Uzcard тўлов тизимидаги 75% улуши 210,1 млрд сўмга сотилган, бунда бутун компания 280 млрд сўмга баҳоланган эди. Молиявий ҳисоботларга кўра, Uzcard’нинг 2023 йилдаги соф фойдаси 51,6 млн долларни, 2024 йилнинг тўққиз ойидаги соф фойдаси эса 660,4 млрд сўмни (тахминан 51 млн доллар) ташкил этган.
Аввалроқ, 2025 йил бошида хусусийлаштирилган яна бир тўлов тизими Humo ҳам 6 ойлик молиявий натижалари бўйича ҳисобот берган эди. Компаниянинг соф фойдаси 124,3 млрд сўмга етди, бу 2024 йилга нисбатан 73%га кўп. Тарифларнинг оширилиши фонида айниқса иккинчи чоракда кескин ўсиш кузатилди (2,2 баробар).

