«Фаолият пасайиши ва нархлар коррекцияси». 2024 йилда Ўзбекистонда уй-жой бозори қандай ўзгарди

2024 йилда Ўзбекистоннинг кўчмас мулк бозори ўсиш суръатларининг секинлашишини намоён қилди ва олдинги йиллардаги фаол ривожланишдан сўнг ўзгаришларга учради. Бу ҳақида Марказий банк таҳлилида айтилган.

Олди-сотди ва ижара сегментларида фаоллик пасайди ёки 2023 йил даражасида қолди, бу эса «талабнинг мувозанатлашуви ва нархларнинг мўътадил ўсишига» олиб келди.

Бироқ 2024 йилнинг тўртинчи чорагида (октябрь-декабрь) бозор яна фаоллашди: битимлар сони ортиб, нарх кўрсаткичлари ижобий динамикани намоён қилди.

Жами 2024 йил давомида 329 минг шартнома тузилган бўлиб, бу 2023 йилга (335 минг) нисбатан 2.2% кам. 2023 йилда бу кўрсаткич 4.4%га ўсган эди.

2024 йил октябрь-декабрь ойлари якунига кўра мамлакат бўйича 81,8 минг кўчмас мулк битими тузилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6% кўп. Марказий банк ҳисоб-китобларида 25 декабргача бўлган давр инобатга олинган, шунинг учун ой якуний динамикаси фарқ қилиши мумкин.

Қайси ҳудудларда кўчмас мулк бозори фаоллиги пасайди?

Навоий, Тошкент, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк битимлари сони камайган. Сирдарё, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида фаоллик деярли ўтган йилги даражада қолган. Қолган ҳудудларда эса секин ўсиш кузатилган.

Гарчи даромадларнинг ошиши, аҳоли сонининг ўсиши ва урбанизация каби омиллар уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ипотека кредити ўсишининг секинлашиши, қурилиш суръатларининг юқори бўлиши ва бозорнинг маълум даражада тўйиниши нархларни шакллантиришга таъсир кўрсатган. Бу ўзгаришлар уй-жой нархининг ўсишини ушлаб қолган.

Нархлар ўзгариши ҳақида

Бирламчи бозор нархлари

Бирламчи бозорда уй нархлари сўмда 11.4% га, доллар эквивалентида эса 6.7% га ўсди. Солиштириш учун: 2023 йил натижаларига кўра, бу ўсиш 39.6% ва 26.9% ни ташкил этган, 2022 йил февраль-декабрь ойлари давомида эса 16.6% ва 12.9% бўлган.

Иккилламчи бозор нархлари

Иккилламчи бозорда уй нархлари сўмда 6.3% га, долларда эса 1.8% га ошди. 2023 йилда бу ўсиш мос равишда 35.1% ва 23%, 2022 йилда эса 27.7% ва 23.3% ни ташкил этган.

Марказий банк маълумотларига кўра, янги уйларга талаб юқори бўлгани учун бирламчи бозор нархлари тезроқ ўсган. Бунга ипотека кредитларининг асосий қисми янги уй-жойлар учун ажратилгани далил бўла олади. Бирламчи бозорнинг ипотека кредитларидаги улуши 2023 йилдаги 59% дан 2024 йилда 66% га ошган.

Тошкентда иккилламчи бозорда уй-жой нархи сўмда 2.5% га (14.94 млн сўмдан 15.32 млн сўмга) кўтарилди, бу инфляция даражаси (9.8%) дан камроқ кўрсаткич. 2023 йилда бу ўсиш 42.8% ва 29.8% ни ташкил қилган эди. Долларда нархлар 1.8% га пасайиб, 1212 доллардан 1190 долларга тушди.

Тошкент вилоятида иккилламчи уй-жой нархлари сўмда 8.3% га (2023 йилда 44.4% бўлган), долларда эса 3.7% га кўтарилди.

Энг юқори нарх ўсиши Бухоро вилоятида кузатилди — 14.7% (сўмда) ва 9.9% (долларда). 2023 йилда бу кўрсаткич 38.8% бўлган (сўм қийматида). Сурхондарё вилоятида эса 12.6% ва 7.9% (2023 йилда 23.7% сўмда) ўсиш қайд этилган.

Ижара нархлари

Ўзбекистонда уй-жой ижараси ўртача 2.4% га қимматлашди. Шу билан бирга, йил давомида ижара нархлари ўсиш суръати секинлашди.

Тошкентда ижара нархлари 8,2% га тушди. Бироқ, айрим ҳудудларда тўртинчи чоракда ижара нархлари ўсган.

Тошкент вилоятида ижара нархлари йиллик ҳисобда 7% га, Самарқанд ва Навоий вилоятларида 3.4% га, Хоразм вилоятида эса 21.5% га ошган.

Фарғона (-3.5%) ва Бухоро (-5.4%) вилоятларида эса ижара нархлари пасайган.

Марказий банкнинг қайд этишича, ижара нархларининг ўсиш суръати пасайиши «талабнинг нормаллашуви» ва таклиф ҳажмининг кўпайиши билан изоҳланади. Тошкентда 2024 йил давомида ижара учун таклифлар ҳар ой 2−3% га ошган, ҳудудларда эса таклиф янада сезиларли даражада ўсган.

Ер участкалари нархи

Тошкентда 1 сотих (100 кв.м) ернинг ўртача нархи 2024 йил декабрь ойи ҳолатига кўра 352 млн сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 2.9% га кам (362 млн сўм эди). Ер нархлари 2023 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб барқарорлаша бошлади. 2022 йилда ўртача нарх 263 млн сўм эди.

Тошкентда ер участкалари ҳудудларга нисбатан анча қиммат. Масалан, пойтахтда ер нархи Тошкент вилоятидаги нархдан 3.5 баробар қиммат (100 млн сўм).

Иккилламчи уй-жой нархлари Тошкент ва Тошкент вилояти ўртасида 1.8 баробар, Тошкент ва Самарқанд вилояти ўртасида эса 1.5 баробар фарқ қилади.

2023 йилнинг биринчи ярмида уй-жой нархлари ҳаддан ташқари баланд бўлиб, унинг бозор баҳоси «объектив» (фундаментал) баҳосидан 28% юқори эди. Нархлар маошлардан 1,8 марта тезроқ ўсган. Шу боис Марказий банк уй-жой нархларининг «коррекция» қилиниши (пасайиши) мумкинлигини таъкидлаган эди.