
Ўзбекистоннинг икки ҳудудида ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида муқаддам судланган 41 ёшли фуқаро махсус диний маълумотга ва тегишли рухсатномага эга бўлмай туриб, июнь ойидан бери ўз хонадонида 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган 22 нафар бола учун диний таълим бўйича машғулотлар ўтказиб келган.
Денов ва Олтинсой туманларидан келган тингловчилар учун санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитларда яшаш ва ўқиш ташкил этилган. Бунинг учун ойига 500 минг сўмдан 100 долларгача тўлов ундирилган.
Фарғона вилоятининг Риштон туманида 55 ёшли аёлнинг хонадонида ноқонуний диний таълим беришнинг яна бир ҳолати аниқланди.
Гумонланувчи май ойи охиридан бери тегишли рухсатномаларсиз Боғдод ва Ёзёвон туманларидан келган 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган 5 нафар бола учун диний машғулотлар олиб борган.
Иккала ҳолат бўйича ҳам махсус маълумотсиз ва рухсатсиз ҳамда хусусий тартибда вояга етмаганларга диний таълим бериш тартибини бузганлик учун жиноят кодексининг 229−2-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болаларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) мувофиқ маъмурий чоралар кўрилди.
2025 йилнинг август ойида Сурхондарё ва Наманган вилоятларида болаларга уйда ноқонуний диний таълим бериш фактлари аниқланган эди. Бойсунда бир эркак тўлов эвазига 9 нафар болани ўқитиб, машғулотлар вақтида уларни калтаклаб келган. Июль ойида ноқонуний диний таълим бериш факти Фарғона вилоятида қайд этилган.
Апрель ойида оператив ходимлар диний машғулотлар мажбурий тарзда ўтказиладиган мактабни аниқладилар, у ерда болаларнинг бир қисми мактабга бормаган, уларга тан жароҳатлари етказилган.
2025 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда ота-оналар томонидан ўз болаларини ноқонуний равишда диний таълимга жалб қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонун кучга кирди. Ўзбекистон Сенати ўша йилнинг июнь ойида вояга етмаганларга рухсатсиз ва тегишли маълумотсиз диний таълим берганлик учун жиноий жазони назарда тутувчи қонунини маъқуллади.
Президент администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Комилов яқинда 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун диний таълим олиш шароитларини яратиш имконияти кўриб чиқилаётганини айтган эди.