Ўзбекистонда уй-жой хариди учун кешбэк жорий этилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон фуқароларига уй-жой хариди учун кешбэк тўлаш механизми жорий этилиши мумкин. Бу президентнинг 2025 йил 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган «йўл харитаси»да назарда тутилган.

Таклифга кўра, 2025 йил 1 апрелгача Президент маъмуриятига киритилиши лозим бўлган ҳужжат асосида фуқаролар банк орқали тўлов амалга оширилган тақдирда, қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариб олиш имкониятига эга бўладилар. Кешбэк янги қурилган уйлардаги ҳам турар, ҳам нотурар жойларга тааллуқли бўлади.

Ушбу чора уй-жой соҳасидаги яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган.

Бундан ташқари, апрелга қадар расмий даромадга эга бўлмаган меҳнат муҳожирларига ипотека кредитлари ва субсидиялар олишга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил январь ойида ўтказилган йиғилишда чет элда ишлаб, мунтазам пул ўтказмалари юбориб турувчи ўзбекистонликларнинг даромадларини ҳисобга оладиган тизимни ишлаб чиқишни топширган эди.