Расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека беришда коммунал ва алимент тўловлари инобатга олинади

Расмий даромадга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ипотека кредитларини уларнинг харажатлари бўйича скоринг баҳолаши асосида олишлари мумкин бўлади. Бу 2025 йил 21 февраль куни имзоланган президентнинг ипотека бозорини ривожлантириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Уларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда сўнгги 12 ойдаги қуйидаги харажатлар инобатга олинади:

  • коммунал тўловлар (электр энергияси, газ, совуқ ва иссиқ сув, маиший чиқиндилар),
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) орқали қўлланилган ва тўланган жарималар,
  • суд қарорлари асосида тайинланган ва тўланган алимент тўловлари.

Кредит бюроларига расмий даромадга эга бўлмаган шахсларни аниқлаш, уларни тасдиқлаш ва скоринг ўтказиш учун Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига «Электрон ҳукумат» тизими орқали кириш имконияти берилади.

Истеъмолчиларга коммунал хизматлар бўйича тўловларни назорат қилиш ва ҳисобларни бошқариш имкониятини яратиш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида қуйидаги чоралар режалаштирилган:

  • тўлов тизимини «Менинг уйим» (Mening uyim) биллинг платформасига интеграция қилиш,
  • истеъмолчи банк ҳисоб рақамини шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) билан боғлаш,
  • истеъмолчи ҳақида тўлиқ маълумотларни, ҳисоблагич рақами, унинг кўрсаткичлари ва тўловлар тарихини қамраб олиш.

Вазирлар Маҳкамасига расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари ажратиш ва уларнинг тўлов қобилиятини харажатлар орқали скоринг қилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформасига зарур маълумотларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб беришни таъминлаш топширилди.

Янги баҳолаш тартибини 2025 йил 1 июлга қадар жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2026 йилдан «эскроу» тизими доирасида қурилиши 50% га якунланган уй-жойлар учун ҳам кредит ва субсидия олишга рухсат берилади. Бу қоида имтиёзли ва тижорат ипотекаси учун амал қилади.

2025 йил январь ойидаги йиғилишда президент Ўзбекистонда расмий иш жойига эга бўлмаган шахслар ҳам даромадни декларация орқали тасдиқлаш шарти билан ипотека кредитини олиш имконияти яратилганини эслатиб ўтди.

Бироқ, ҳозирда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга расмий даромади Ўзбекистонда мавжуд эмаслиги сабабли кредит ва субсидия ажратиш рад этилмоқда.

Президент масъул органларга хорижда ишлаб, доимий равишда пул ўтказмалари йўллаётган ватандошлар даромадларини инобатга олиш имконини берувчи тизимни ишлаб чиқишни топширди (олти ой давомида мунтазам ўтказмалар асосида).

Ўзбекистонда 3 март куни ипотека субсидияси олиш учун аризалар қабул қилиниши бошланади. Президент фармонига кўра, субсидиялар сони ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди.