Президент Дональд Трамп 60 давлатдан ташқари, Хитойни ҳисобга олмаган ҳолда, 90 кунлик муддатга жавоб тарифи бўйича қарорига танаффус киритди, деб хабар беради CNN ва New York Times.
Бу муддатда улар учун ягона 10%лик бож қиймати амалда бўлади. Хитой учун эса импорт божи 104% дан 125% га оширилади.
«Хитойнинг жаҳон бозорларига нисбатан ҳурматсиз муносабати сабабли, АҚШ томонидан ушбу мамлакатга нисбатан қўлланиладиган тарифларни 125% гача ошираман. Бу дарҳол кучга киради. Негаки, Хитой ва бошқа давлатлар АҚШни талон-тарож қилишдан тўхташи керак», — деб ёзди Трамп Truth Social’даги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, 75 дан ортиқ давлат АҚШ билан тарифлар бўйича музокара ўтказишни сўраган.
Трампнинг сўзларига кўра, божларни кўтаришни кечиктириш тўғрисидаги қарорига фонд бозоридаги вазият таъсир қилган.
«Сўнгги кунларда вазият анча ачинарли эди. Менимча, одамлар ҳаддан ташқари ошириб юборди. Улар қўрқишни бошлашди. Мослашувчан бўлиш керак», — деди у.
Трамп, шунингдек, барча давлатлар, жумладан, Хитой билан ҳам савдо битимлари тузилишига ишонч билдирди. «Хитой битим тузишни истайди, улар шунчаки буни қандай қилишни билмаяпти», — деди у журналистлар билан суҳбатда.
Аввалроқ Пекин «охиригача курашишини» маълум қилган ва АҚШ товарларига жавоб тарифи жорий этганди: аввалига 34%, кейинроқ эса АҚШ Хитой товарларига божни 104% га оширгач, 84% гача кўтарган.
Хитойнинг божлари 10 апрелдан амалга кирди.
Трампнинг тарифларга танаффус эълон қилганидан сўнг, АҚШнинг асосий фонд индекслари ўсишни бошлади: Dow Jones 7,8%, S&P 500 9,5%, Nasdaq — 12,2% га ўсди. Шунингдек, Tesla каби технология ва автомобиль компаниялари акциялари ҳам қимматлашди.