Хитой АҚШдан импорт қилинадиган барча товарларга бож тўловларини 84% гача оширишини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Xinhua» Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Божхона тарифлари комиссиясига таяниб.
Янги тарифлар 2025 йил 10 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:01 дан кучга киради. Ушбу чора АҚШнинг хитой маҳсулотларига божларни 104% гача ошириш қароригa жавобан қабул қилингани айтилган.
«Хитой АҚШни зудлик билан нотўғри амалиётни тўхтатишга, Хитойга нисбатан жорий қилинган барча бир томонлама божларни бекор қилишга ва ўзаро ҳурмат асосида тенг ҳуқуқли мулоқот орқали қарама-қаршиликларни ҳал этишга чақиради», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Хитой АҚШнинг яна 12 компаниясига нисбатан экспорт назорати жорий этилишини маълум қилди ва олтита америкалик компанияни ўзининг «ишончсиз субъектлар» рўйхатига қўшди. Ушбу рўйхатдаги компанияларга Хитойда ёки хитойлик компаниялар билан бизнес юритишда чекловлар қўлланилади.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент Хитойнинг жавоб чораларини «омадсиз қарор» деб атади ва эскалация Хитой учун «йўқотиш бўлади», деб баёнот берди, дея хабар беради Bloomberg.
2025 йил март ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой товарларига 20% бож тўлови жорий қилган эди. Апрелда эса Вашингтоннинг савдо ҳамкорлари билан «қарама-қарши ўхшаш тарифлар»ни жорий этиш доирасида қўшимча 34% бож жорий этди. Хитой ҳам шу миқдорда жавоб тарифи жорий қилди.
Пекин божларни бекор қилишдан бош тортгач, АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божни 104% гача оширди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатга жавобан, агар АҚШ «божлар ёки савдо уруши бошлаш ниятида бўлса», Пекин «охиригача курашиши»ни маълум қилди.