Асадулла Қаюмов Товар-хом ашё биржаси раиси этиб тайинланди

Асадулла Ўролович Қаюмов Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХАБ) бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Унинг номзоди кузатув кенгаши томонидан маъқуллангани ҳақида биржа матбуот хизмати хабар берди.

У бунгача, 2022 йилдан бошлаб Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2019 йилдан буён ЎзРТХАБга Зиёвуддин Бадриддинов раҳбарлик қилиб келаётган эди. У энди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий энергия самарадорлиги агентлиги директори лавозимига тасдиқланди.

Асадулла Қаюмов 1984 йилда туғилган. 2007 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2013 йилда эса Япониянинг Васэда университетини тамомлаган.

У фаолиятини 2007 йилда Давлат рақобат қўмитасида етакчи мутахассис сифатида бошлаб, 2010 йилгача бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2010–2011 йилларда шу қўмита таркибида бўлим бошлиғи ўринбосари, 2013–2017 йилларда эса Давлат мулкини хусусийлаштириш, демонополизация ва рақобатни ривожлантириш қўмитасида бўлим ва бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

2017–2019 йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида иқтисодий таҳлил ва ишлаб чиқаришни прогноз қилиш бошқармасига, сўнгра бош бошқармага раҳбарлик қилган.

2019–2022 йилларда эса Президент администрациясининг қатор секторларида бош инспектор сифатида фаолият юритган.