
Тошкентнинг учта туманида — Яшнобод, Миробод ва Сергелида реновация лойиҳалари бўйича ишлар бошланмоқда, деб хабар берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
«Биринчи босқичда аҳоли, ташаббускор гуруҳлар ва лойиҳа тарафдорларини унинг тафсилотлари, амалга оширилиш тартиби, таклиф этилаётган локациялар, кўчирилиш шартлари ва бошқа муҳим масалалар билан тўғридан-тўғри таништириш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ реновация ҳудудларида — «Жарқўрғон», «Абдурауф Фитрат» ва «Хонабодтепа» маҳаллаларида ташкил этилган штаблар фаолияти билан танишди.
Бундай штаблар ҳар бир реновация ҳудудида ишлаши керак. Уларнинг таркибига барча тегишли ташкилот ва хизматлар вакиллари киради: ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар органлари, Миллий гвардия, солиқ органлари, Мажбурий ижро бюроси, коммунал хизматлар, кадастр, адлия, қурилиш идоралари, маҳалла тузилмалари, шунингдек, газ, электр, сув ва иссиқлик таъминоти бўйича мутахассислар, банклар, нотариат ва бошқа масъул ташкилотлар.
«Штабларнинг асосий вазифаси — бевосита жойларда бўлиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, реновация механизмини тушунтириш, саволларга жавоб бериш, ҳар бир оиланинг таклифлари, хавотирлари ва индивидуал шароитларини қайд этиб боришдан иборат», — деб таъкидлади ҳокимлик.
Шавкат Умурзоқов «реновацияда фуқароларга тайёр янги уйлардан тенг қийматли уй-жойлар ажратилиши устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу одамларга қурилиш тугашини йиллаб кутмасдан, имкон қадар қисқа муддатда — имконият даражасида ўша туманнинг ўзида ёки ўзлари ўрганиб қолган шаҳар муҳитида шинам хонадонларга кўчиб ўтиш имконини беради».
Эслатиб ўтамиз, 10 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шаҳарсолик реновацияси тўғрисидаги қонунни имзолаган эди (у декабрь ойида кучга киради). У эскирган уй-жойларни янгилаш қоидаларини жорий этади: аҳоли билан очиқ муҳокамалар ўтказиш, мулкдорларнинг 80 фоизи розилигини олиш, компенсациялар тўлаш, вақтинчалик уй-жой бериш, инвесторлар иштироки ва низоларни суд тартибида ҳал этиш. Ҳужжат, шунингдек, рози бўлмаган яшовчиларга босим ўтказишни тақиқлайди. Президент ҳузурида ўтказилган яқиндаги йиғилишда мамлакат бўйича реновация 17 мингта эски 2-3 қаватли уйларни (1991 йилгача қурилган) қамраб олиши мумкинлиги айтилган эди.
Апрель ойида Ўзбекистондаги реновация ҳудудларида 2026 йилда камида 30 мингта, 2025 йилда эса 20 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилгани хабар қилинган эди.
2024 йил август ойида Тошкент ҳокими реновация лойиҳалари режалаштирилган олтита тумандаги ҳудудлар чегараларини белгилаб берган эди.
Ўтган ёзда Мирзо Улуғбек туманининг «Навниҳол» маҳалласида реновация бўйича пилот лойиҳа ишга туширилгани ҳақида ёзилган эди. У ерда 9 та икки қаватли уйни бузиш кўзда тутилган эди.