
Ўзбекистонда давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограмма фойдаланиш босқичма-босқич чекланади. 2025 йил 8 апрель куни қабул қилинган концерт-томоша фаолиятида тирик ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, чеклов 2025 йил 1 майдан бошлаб босқичма-босқич кучга киради. Шу санада тадбирлар рекламасида тегишли равишда «тирик ижро», «фонограмма ёрдамида тирик овозда ижро» ёки «фонограмма билан концерт дастури» деб кўрсатилиши шарт бўлади.
Санъаткорларни давлат мукофотларига — «Ўзбекистон Республикасининг халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасининг хизмат кўрсатган артисти» ва «Ўзбекистон Республикасининг халқ хофизи» унвонларига тавсия этишда Маданият вазирлиги, биринчи навбатда, уларнинг тирик ижро қилиш қобилиятини инобатга олади.
2025 йил 1 июндан:
— асарларни тирик ижрода бажарадиган ижрочилар реестри шакллантирилади, унга уларнинг асарлари рўйхати, лицензия берилган сана, тадбирларда иштирок ва ОАВдаги нашрлари киритилади.
2025 йил 1 июлдан:
— Миллий телерадиокомпания (МТРК) телеканалларида тирик ижрода ташкил этилган концерт-томоша тадбирлари рекламасини трансляция қилиш учун тадбир ташкилотчисига 30% чегирма берилади;
— фонограмма қисман қўлланилган ҳолда ташкил этилган тадбирларнинг ижара тўловларига (коммунал тўловлардан ташқари) 25% чегирма берилади;
— фонограмма қисман қўлланилган тадбирлар рекламасини МТРК телеканалларида трансляция қилиш учун 15% чегирма берилади;
— тирик ижро ва қисман фонограмма қўлланган концерт-томоша тадбирлари МТРК телеканалларида тегишли телеканалнинг Бадиий кенгаши ижобий хулосаси асосида бепул эфирга узатилади.
Ҳар чоракда мамлакат ҳудудларида «Тирик ижро ҳафталиги» ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда артистлар учун даромадларни декларация қилиш ва солиқ солиш тартиби қатъийлаштирилади. Бу ҳақда аввалроқ Солиқ қўмитаси раҳбари биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилган эди. Шу вақтгача уларга декларацияларни жаримасиз тўғри тақдим этиш имконияти берилади.