Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсумида яна 35 та лойиҳа ғолиб деб топилди

«Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми якунларига кўра, ғолиблар қаторига кирмаган 35 та лойиҳага қўшимча маблағлар ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Уларни молиялаштириш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари маҳаллий бюджетлардан қўшимча 47,7 миллиард сўм маблағ йўналтирди.

Амалдаги тартибга кўра, кенгашларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш ҳуқуқи берилган.

Ғолиб лойиҳаларнинг тўлиқ рўйхати билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 сентябрь куни «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми ғолиблари эълон қилинган эди. Овоз бериш натижаларига кўра, 2332 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун 3,2 трлн сўм йўналтирилади. Ғолиб бўлган ташаббуслар сони бўйича Фарғона, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари учталикка кирди.

Президент қарорига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» доирасида депутатлар ташаббуси билан илгари саралашдан ўтмаган 2 та лойиҳани (ҳар мавсум учун биттадан) ғолиб деб топиш амалиёти жорий этилади. Бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга қарийб 3,3 миллиард сўмдан ажратилади.

Ўша ҳужжат билан 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини аҳоли ва давлат ҳамкорлигида молиялаштириш тартиби жорий этилмоқда. Агар аҳоли харажатларнинг ярмини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олса, ушбу лойиҳа «Ташаббусли бюджет» доирасида ғолиб деб топилади ва қолган 50% харажатлар республика бюджети ҳисобидан қопланади.