Ўзбекистонда 800 дан ортиқ маҳалла «Ташаббусли бюджет»нинг икки мавсумини ўтказиб юборади

Ўзбекистондаги 823 та маҳаллага (жами 10 мингга яқин маҳалладан) «Ташаббусли бюджет» дастурининг 2025 йил иккинчи ва 2026 йил биринчи мавсумида танаффус берилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, гап аввалги икки овоз беришда – 2024 йил иккинчи мавсуми ва 2025 йил биринчи мавсумида ғолиб бўлган маҳаллалар ҳақида бормоқда. Чеклов ушбу маҳаллаларда жойлашган ташкилотларга – мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ва бошқаларга ҳам тааллуқли.

Танаффус берилган маҳаллаларнинг тўлиқ рўйхати ҳавола орқали мавжуд.

Шу билан бирга, рўйхатга тузатишлар киритилиши мумкинлиги аниқлаштирилган. Янгиланган версия Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифаларида, шунингдек Open Budget порталида ҳар бир янги мавсум бошланишидан олдин эълон қилинади.

Намангандаги «Даштбоғ», Когондаги «Нурафшон» ва Шуманай туманидаги «Бегжап» маҳаллалари лойиҳалари 2025 йил биринчи мавсумида рад этилганлиги сабабли, улар чекловларга тушмайди ва янги мавсумларда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли бюджет» дастурининг иккинчи мавсуми 2025 йил 15 июлдан бошланади, овоз бериш босқичи эса 22 августда старт олади. Мавсум ғолиблари 1 сентябрь – Мустақиллик кунида эълон қилинади.