Акмалжон Маҳмудалиев 2022 йил охиридан буён Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган эди. У президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган инвестиция масалалари бўйича йиғилишда лавозимидан озод этилди. Бу ҳақида давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Йиғилишда бир қатор туман ҳокимларининг инвестиция ва экспорт масалаларидаги фаолияти етарли даражада эмаслиги таъкидланди.
Хусусан, инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги камчиликлари учун Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, президент 2023 йилда мамлакатнинг саккизта тумани — Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа ва Шовот туманларида жалб қилинган инвестициялар ҳажми 15 миллион доллардан ошмаганини қайд этди. Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод, Гулистон туманлари ва Оҳангарон шаҳрида эса экспорт кўрсаткичлари пасайган. Ушбу 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига хайфсан эълон.
Йиғилишда инвестиция масалалари бўйича янги назорат механизми тақдим этилди. Бош вазир Абдулла Арипов 2025 йилда 42 миллиард доллар чет эл инвестициясини жалб қилиш режасини ҳар ой тасдиқлаб боради. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, шунингдек, соҳалар раҳбарлари ҳафтада икки кунни инвестиция масалаларига бағишлаш, мунтазам равишда жойларга бориб тадбиркорлар билан учрашиш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилишлари шарт бўлади.
Акмалжон Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган. У 2022 йил ноябрида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Тайинловга қадар у Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йилдан бошлаб Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими бўлиб ишлаган.
Январь ойи бошида Маҳмудалиевнинг бошқа лавозимга ўтиши ва унинг ўрнига янги ҳоким тайинлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Аммо ҳокимият бу миш-мишларни рад этган эди.