
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Damas микроавтобусида ўнлаб болаларни ташишнинг навбатдаги ҳолати аниқланди — бу ерда ҳайдовчи 28 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган бўлган, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ.
Ҳайдовчи билан “профилактик тушунтириш ишлари” олиб борилди, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-8-моддаси (одам ташиш қоидаларини бузиш) бўйича 2 базавий ҳисоблаш миқдорида (700 минг сўм) жарима солинди.
Вилоят ЙҲХББ ҳайдовчиларни одам ташиш қоидаларига риоя қилишга чақирди.
Сўнгги кунларда бу каби ҳолатлар ҳақида хабарлар кўпайди, бу эса етти ўринли Damas’дан боғча тарбияланувчиларини ташиш учун оммавий равишда фойдаланилаётганини тасдиқлайди.
Май ойи бошида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида Damas’да хусусий боғчанинг 32 нафар боласи ташилаётган эди. Бир неча кун олдин Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳам худди шундай машинада 25 нафар бола ташилаётган эди.