
Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида ЙПХ ходимлари хусусий боғчанинг 32 нафар тарбияланувчиси ташилаётган Damas микроавтобусини тўхтатди. Бу ҳақда Ўзбекистон ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳайдовчи ва олд ўриндиқда ўтирган аёл билан бирга салонда 34 киши бўлган.
Автомобиль кузатув остида боғчага қайтарилди, шундан сўнг жарима майдончасига жойлаштирилди. Ҳайдовчига нисбатан 128-8-модда (транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш) бўйича баённома тузилди.
ЙҲХББ вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига болаларни бунга мослашмаган транспортда ташишга йўл қўйилмаслиги ҳақида тақдимнома юборди.
Damasда кўп сонли болаларни ташиш Ўзбекистоннинг вилоятлари учун кенг тарқалган ҳолатдир. 2024 йилнинг кузида Андижон вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган эди: ўшанда ҳам ҳайдовчи 32 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган бўлган. Ўтган ҳафта Наманган вилоятининг Косонсой туманида Damas ҳайдовчиси боғчага 25 нафар болани олиб кетаётгани хабар қилинган эди.