Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/02/2026

Тошкентда бир гуруҳ ёшлар синтетик наркотиклар тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланиб келган

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги ижарага олинган хонадонда яшовчи йигит ва қиз 2025 йилнинг сентябрь ойидан буён фаолият юритган нарколаборатория ташкил қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 22 ёшли талаба-кимёгар ва 18 ёшли қиз «кураторлар топшириғига асосан» Telegram’даги «наркодўкон» орқали прекурсорларни (наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган моддалар) қабул қилиб олиб, синтетик наркотиклар тайёрлашган. Хонадондан 1 кг мефедрон, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ва анжомлар мусодара қилинган.

Шундан сўнг тезкор ходимлар талабанинг уяли телефонидан олинган геолокация бўйича бориб, Янгиҳаёт туманидаги дала майдонидан «закладка» (яшириб кетиш) усулида яширилган 1 кг синтетик наркотикни топишган.

Тергов ҳаракатлари давомида Тошкент ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётган вақтда тақиқланган моддаларни тарқатиш билан шуғулланган 9 нафар «закладчи» қўлга олинган. Уларнинг уч нафари талабалар. Бундан ташқари, «закладчи» сифатида ишлаган яна 6 киши ушланган. Улар орасида ушбу иш билан оила аъзолари билан бирга шуғулланиб келган фуқаролар ҳам борлиги аниқланган.

Хабарда айтилишича, ушланган 2 кг гиёҳвандлик воситалари 10 мингта бир марталик дозага тенг.

Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган (7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).