
2025 йил 13 март соат 5:00 дан 25 март соат 5:00 гача Шаҳрисабз аэропорти учиш-қўниш йўлаги (УҚЙ)ни капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу ҳақида Uzbekistan Airports компанияси хабар берди.
«УҚЙ 1983 йилдан буён узлуксиз фойдаланиб келинганлиги ва ҳаво кемаларини хавфсиз қабул қилиш ҳамда узатишни таъминлаш мақсадида капитал қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Хусусан, 1554 метрлик йўлакнинг қопламасини алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, қайрилиб олиш йўлак юзасини таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилади», — дейилади хабарда.
Қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича ўтказилган тендер натижасига кўра, «Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси» компанияси ғолиб бўлди.
Шаҳрисабз аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш чекланган эди — рейслар ҳафтасига икки марта кичик L-410 самолётларида бажарилар эди. УҚЙ таъмирланганидан сўнг аэропорт замонавий ўрта масофага мўлжалланган ATR-72 самолётларини ҳафтасига уч мартагача қабул қилиш имкониятига эга бўлади.