Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг секторлар бўйича ишлаш тизими бекор қилинишини эълон қилди.
8 йил аввал Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Қорақалпоғистон, вилоятлар, туман ва шаҳарлар шартли равишда «секторлар»га бўлинган бўлиб, улар ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари томонидан бошқариларди. Улар аҳолининг долзарб муаммоларини, жумладан, инфратузилма, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун масъул эди.
Яъни прокурорлар ва ички ишлар бўлимлари раҳбарлари иш ўринлари яратиш, инвестиция жалб қилиш, мактаб ва боғчалар инфратузилмасини текшириш каби вазифаларни ҳам бажарар эди.
Президентнинг сўзларига кўра, бу тизим йиллар давомида тўпланган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда сафарбарликка ёрдам берди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳудудларнинг салоҳияти сезиларли ошди.
Бироқ яқинда прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлардаги ишлар баҳонасида ўз соҳаларидаги назоратни сусайтиргани учун танқид қилинди.
Ҳар бир маҳаллага профилактика инспектори бириктирилган. Бироқ туман ички ишлар бўлимлари янги тизим бўйича ишламаслиги, инспекторлар фаолияти баҳоланмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари раҳбарлари муаммоли маҳаллаларда тизимли иш олиб бормаслиги, уларнинг профессионализми ва ишга садоқати кўринмаётгани таъкидланди.
Жиноятлар ҳақида «102» хизмати орқали келиб тушган хабарларни автоматик рўйхатга олиш тизими ҳар бир мурожаат бўйича «рақамли из» қолдиришни таъминлаб, ижобий натижа берди.
Бироқ айрим туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарлари статистикани яхшилаш мақсадида жиноятларни яшириш ва рўйхатга олишни ойлаб чўзиш ҳолатларига йўл қўяётгани маълум қилинди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга ҳар бир маҳалладаги профилактика пунктларини кузатув камералари билан жиҳозлаш, барча инспекторларни «боди-камера»лар билан таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш бўйича янги платформани ишга тушириш топширилди.
Жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёев прокурорларнинг тергов устидан назорати сусайганини ҳам таъкидлади. Хусусан, 637 та жиноят иши камчиликлар туфайли судлар томонидан қўшимча терговга қайтарилган.
Бош прокуратурага тергов сифатини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш топширилди.
Президент Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги «уйғониши», янги тизимда ишлаш ва бир-бирини назорат қилиш кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, солиқ идоралари ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилганига қарамай, бюджет тушумлари сезиларли даражада ошмагани маълум қилинди.
Масалан, минглаб корхоналар ҳисоботларида бирорта ходим йўқлиги кўрсатилган, яна минглаб компаниялар фақат 1−2 нафар ишчи кўрсатмоқда. Бу солиқ органларининг яширин иқтисодиёт билан яхши ишламаслигини кўрсатади.
Сифатли тадбиркорлик муҳитини таъминлаш мақсадида ҚҚС қайтариш 7 кун ичида амалга оширилиши керак. Бироқ солиқ идоралари раҳбарлари 487 миллиард сўмлик 2500 га яқин тадбиркор мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган.
«Энди прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари ходимлари секторлар билан шуғулланмайди», — деди президент.
Эндиликда ҳар бир соҳани вазир ўринбосарлари ўз тизимлари ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда бошқаради.
Шавкат Мирзиёев камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимоя ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар олиб борилаётганини ва улар ҳар бир инсон учун аниқ натижа бериши лозимлигини таъкидлади. Энди шу ёндашув жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашда ҳам туман ва маҳалла даражасида қўлланилади.
«Нега буни айтаяпман? Чунки жиноятчилик назорат остида бўлган жойга инвесторлар кўпроқ маблағ тикишади, халқимизнинг ишончи ортади», — деди президент.
Президент прокурорлар, ички ишлар ва солиқ идоралари ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг секторлардан озод қилиниши — эски даврларга қайтиш ёки коррупцияга йўл очиш учун баҳона бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, у Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишидан норозилигини билдирди. Президент агентлик ходимлари фақат қўзғатилган жиноят ишлари сонини ҳисоблаб, «статистлар»га айланганини танқид қилди. Шунингдек, кўпгина чора-тадбирлар фақат унинг топшириқларидан кейин бошланишини савол остига қўйди.
Шавкат Мирзиёев 117 та вазирлик ва идоралардаги коррупцияга қарши тузилмалар раҳбарларини ишдан бўшатишни буюрди.