
Ўзбекистонда 8 йилдан сўнг прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг секторлардаги фаолияти тугатилди. Бу ҳақида 2025 йил 21 апрель куни Президент фармонида қайд этилди.
Янги тартибга кўра, секторлар доирасидаги вазифаларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун масъул этиб Бош вазир ўринбосарлари, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда президент қарори лойиҳасини тайёрлаш ва киритиш вазифаси юклатилди. Бу қарорда секторлар фаолиятининг янги тартиби белгиланади.
Секторлар тизими ва танқидлар
Ўзбекистонда 2017 йилда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти бошланган эди. Ўшанда Қорақалпоғистон, вилоятлар, туман ва шаҳарлар «сектор» — ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳудудларига ажратилган. Бу ҳудудларга ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари раҳбарлик қилган. Улар аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, жумладан инфратузилма, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа масалалар учун жавобгар бўлишган.
Яъни, прокурорлар, ИИО ва солиқ хизмати раҳбарлари иш ўринлари яратиш, инвестиция жалб этиш, уй-жой-коммунал хизматлари, йўллар, электр, сув таъминоти, транспорт, қурилиш, арзон уй-жойлар барпо этиш, ҳудудларни ободонлаштириш, намунавий маҳаллаларни ривожлантириш, истеъмол бозоридаги нархлар назорати, шифохона ва мактаблар фаолияти, жиноятларнинг олдини олиш, ердан мақсадли фойдаланиш, томорқаларни ривожлантириш каби вазифаларни ҳам бажаришган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил март ойи бошида бу тизим йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун барча кучларни сафарбар этишга ёрдам берганини таъкидлади. Бироқ, сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти сезиларли даражада ўсганини қайд этди.
Шу билан бирга, яқинда прокурорлар, ИИО ва солиқ хизматлари раҳбарлари «секторларда иш» баҳонасида ўз соҳаларида назоратни сусайтиргани учун танқидга учраганини билдирган эди.
Давлат раҳбари улар секторлардаги ишдан озод этилганини эълон қилди. «Прокуратура, ички ишлар ва солиқ хизмати раҳбарлари яхши эслаб қолсин: секторлардаги ишдан озод этиш — эски даврларга қайтиш ва коррупция учун шароит яратиш дегани эмас», — деб огоҳлантирди у.
Шу билан бирга, туманларда жиноятчиликнинг олдини олиш учун масъулият ҳокимларда қолади ва улар бу борадаги ишларга раҳбарлик қиладилар.
Ижтимоий тармоқларда бу тизим танқид қилинган, чунки у Конституция ва қонунларда назарда тутилмаган эди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мустақиллигига шубҳа туғдирарди. Аслида, ҳокимлар прокурорлар, ИИО ва солиқ хизматларига топшириқлар бериши мумкин эди. Вице-премьерлар баъзан прокурорга ҳокимни жавобгарликка тортишни буюрган ҳолатлар ҳам кузатилган.
2020 йилда молиячи Отабек Бакиров Конституция ва қонунларда «тўрт сектор» тушунчаси йўқлигини таъкидлаган.
«Сектор орқали бошқарув — бу дунёда мавжуд бўлмаган тузилма. Агар бу тизим самарали бўлганида, бошқа давлатлар ҳам аллақачон қабул қилган бўларди», — деган эди у.
Ўзбекистон Конституциясининг 11-моддасига кўра, давлат ҳокимияти тизими қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг бўлинишига асосланган.
Биринчи сектор — ҳокимлар — ижро этувчи ҳокимиятга киради. Конституциянинг 103-моддасига кўра, улар тегишли вилоят ва туманларни тўлиқ бошқариши шарт.
Иккинчи сектор — прокуратура — ўзининг асосий вазифаларига қайтиши керак: яъни қонун устуворлигини таъминлаш. Конституциянинг 120-моддасига кўра, прокуратура органлари ўз ваколатларини бошқа давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади, фақат қонунга бўйсунади.
Учинчи сектор — ички ишлар органлари — фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мулкни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби вазифаларга қайтиши лозим.
Тўртинчи сектор — солиқ органлари — давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш, солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини, солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини назорат қилиш вазифаларига қайтиши керак.
«Сектор орқали бошқарув — бу хаос, назорат иллюзияси. Бу бор йўғи мавжуд бўлган оз сонли институтларни ҳам обрўсизлантиради. Хаосда бошқариш мумкин эмас — у ерда на масъулият, на ҳисоблашиш бор», — деган эди у.
Davletov.uz блоги муаллифи ҳам ўша йили S&P агентлигининг Ўзбекистон бўйича ҳисоботида институционал муҳит кўрсаткичи бўйича энг паст баҳо берилганини ёзган. Агентлик фикрига кўра, Ўзбекистонда қарор қабул қилиш жараёни ҳаддан ташқари марказлашган, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанат ва тийиб туриш механизмлари амалда йўқ.
«Нима учун бундай механизмлар керак? Давлат ва жамият ўртасидаги ижтимоий шартноманинг асосида қуйидаги ғоя ётади: фуқаролар ўз ҳуқуқ ва ваколатларининг бир қисмини давлатга топширади, солиқ тўлайди, давлат эса эвазига таълим, тиббиёт, ташқи таҳдидлардан ва золимликдан ҳимоя қилиши лозим. Ижро ҳокимияти зўравон тузилмага айланмаслиги учун халқ вакиллари орқали ҳукуматни шакллантиради ва уни назорат қилади. Бу — давлат тизимининг асосидир», — деб ёзган у.
S&P’нинг 2024 йил ноябридаги сўнгги ҳисоботида бу муаммо ҳали ҳам долзарблиги қайд этилган.
«Яхши томонга ўзгаришлар қайд этилганига қарамай, ҳозирда ҳам иқтисодий сиёсат соҳасидаги қарорларнинг қабул қилинишида юқори даражада марказлашув сақланиб қолган. Шунингдек, институтларнинг ҳисобдорлиги механизмлари ривожланиш босқичида ва ҳокимият тармоқлари ўртасидаги тийиб туриш тизими чекланган», — дейилади ҳисоботда.