Sea Breeze Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори қирғоғида Sea Breeze курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинганидан сўнг Sea Breeze Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Бу корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларидан келиб чиқади.

Аввал хабар берилгандек, инвестициялар жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси 577 гектар майдондаги лойиҳани амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлашда Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси иштирокида таъсис этилган Sea Breeze Uzbekistan компаниясини ғолиб деб топган эди. Бошқа қандай таклифлар кўриб чиқилгани ҳақида хабар берилмаган.

Компания ҳукумат қарори қабул қилинганидан 3 кун ўтиб — 2025 йил 4 август куни қўшма корхона сифатида рўйхатдан ўтган.

Эҳтимол, бош компания Agalarov Development танловда иштирок этиш учун ариза топширган бўлиши, Sea Breeze Uzbekistan эса келишувни амалга ошириш учун қўшма корхона сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, бу ҳужжатларда акс эттирилиши ва юридик жиҳатдан асосланиши керак. Яъни, тендер ҳужжатлари ва комиссия қарорида ариза бош компания Agalarov Development томонидан тақдим этилгани кўрсатилиши лозим.

Ягона давлат реестрига кўра, Sea Breeze Uzbekistan 2025 йил 4 августда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури — турар жой бўлмаган бинолар қурилиши. Раҳбари — Сардор Санжарович Ҳамидов.

Компания муассислари Agalarov Development (50% улуш) ҳамда Улуғбек Абдурасулович Маҳмудов (50%) ҳисобланади. У Sunshine Investment, New Time-Projects ва Breeze Development компанияларида ҳам улушларга эга. Аввалроқ у «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Breeze Development ҳам 2025 йил 3 июнда ушбу муассислар иштирокида тенг улушларда ташкил этилган. Компания турар жой бинолари қурилиши билан шуғулланади. У жойлашган манзил ўтган ойда Тошкентда очилган Sea Breeze Uzbekistan сотув офиси манзили билан бир хил (Алай мавзеси, 5).

Лойиҳа ҳақида

Бош режани тезкорлик билан ишлаб чиқиш учун Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси жалб этилган ва ҳужжатда қайд этилишича, амалий ишлар аллақачон бошланган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 577 гектар майдон Sea Breeze Uzbekistan’га 25 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага берилади ва уни узайтириш бўйича устувор ҳуқуққа эга бўлади.

Номи кўрсатилмаган баҳолаш ташкилоти ижара қийматини 1,7 трлн сўмга (133,2 млн доллар) баҳолаган. Бироқ инвестор ижара ҳуқуқи учун 17 млрд сўмни (1,3 млн доллар) 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашни ўз зиммасига олади. Бу сумма ижаранинг бозор баҳосига пасайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда аниқланган.

Инвесторга ҳудудни лотларга ажратиш ва тасдиқланган бош режа ва қонунчиликка мувофиқ бошқа шахсларга иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилган.

Ҳужжатга кўра, келишувда экологик талабларга риоя қилиш, жумладан, чиқиндилар ва оқава сувларни Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташлашни тақиқлаш, шунингдек, оқава сувларни Чирчиқ шаҳридаги тозалаш иншоотларига йўналтириш назарда тутилган. Ушбу шартлар бузилиши лойиҳани тўхтатиш ва ер ижарасини бекор қилиш учун асос бўлади.

Шу билан бирга, аввалроқ экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ҳукумат лойиҳа доирасида сувни қайта ишлаш ва ундан қайта фойдаланиш тизимини қуриш мажбуриятини инвестор олдига қўйишини таъкидлаган эди. Бироқ, ҳужжатда бундай талаб мавжуд эмас.

Инвесторга лойиҳа доирасида алоҳида ваколатлар берилган, жумладан, 2029 йил 31 декабрга қадар лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда қурилиш ишларини олиб бориш, ҳудуд ва қурилиш объектларини режалаштириш бўйича талабларни мустақил равишда тасдиқлаш кабилар.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига 2026 йил 1 январга қадар қуйидагиларни қуриш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида халқаро кредитлар ва инвестицияларни жалб этиш топширилди:

  • автомобиль йўллари;
  • сув таъминоти ва оқова сув тизимлари;
  • электр тармоқлари, газ таъминоти ва алоқа;
  • шунингдек, Чорвоқ сув омбори устидан осма кўприк.

Шундай қилиб, кўприк ва канализация тизимини қуриш ҳукуматнинг мажбурияти бўлади.

Шунингдек, инвесторга қимматбаҳо дарахтларни лойиҳа доирасида яратилаётган яшил ҳудудларга ёки ўрмон фондининг бошқа участкаларига кўчириш, шунингдек, ҳар бир унча қиммат бўлмаган дарахтни кесиш учун компенсация тўламасдан, уни кўчириб ўтказиш ёки ўрнига 10 та янги кўчат (5−7 ёшли ва тупроқ-иқлим шароитларига мос) экиш билан компенсация қилишга рухсат берилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида экологик ёки бошқа экспертизалар тилга олинмаган. Ҳукумат қарори янгиланган «Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида»ги қонун кучга кирадиган санадан — 25 августдан олдин қабул қилинган.

2025 йил июль ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари бошлангани ҳақида видео тарқалган эди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов у ерда капитал қурилиш ишлари олиб борилмаётгани, балки намойиш участкаси сифатида тажрибавий пляж қурилиши кетаётганини айтган.

Экология вазирлиги раҳбари лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинишини ҳам маълум қилган.