
Самарқанддаги хусусий клиникалардан бирида фаолият юритувчи нейрофизиолог Шавкат Тоштемиров 2026 йил 7 февраль куни кўрикка фарзандини олиб келган эркакнинг ҳужумига учради. Бу ҳақда у воқеа видеоёзувини тақдим этган ҳолда «Газета»га сўзлаб берди.
2026 йил 9 февраль кунги суҳбатда у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилгани ва видеодалил тақдим этганини, бироқ ҳужум қилган шахсга нисбатан чора кўрилмаганини айтди. У ишни «бости-бости» қилишга уриниш бўлаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Кечқурун, «Газета»да хабар эълон қилинганидан сўнг, шифокор ҳужум қилган шахс унга қўнғироқ қилиб, узр сўраганини билдирди.
Шавкат Тоштемировнинг айтишича, ҳужум тахминан соат 12:20 да содир бўлган. Бу тушлик вақти бўлса-да, беморлар кўплиги сабабли у кечроқ овқатланишга қарор қилган.
«Бу киши ўғлини кўрикка декабрь ойида олиб келган эди. 7 февраль, шанба куни улар яна келишди… Бизнинг клиникада беморларга навбат асосида хизмат кўрсатилади. У кишидан олдин бошқа одамлар бор эди. У аёлларни менсимай, хонамга бостириб кирди ва навбатсиз қабул қилишни талаб қилди. Мен унга навбат борлигини тушунтирдим ва компьютер орқали кейинги беморни қабул қилишга тайёрлана бошладим. У тўсатдан мени ура кетди. Нима бўлаётганини дарров англай олмадим», — деди шифокор.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумчи унинг боши ва юзига 5-6 марта урган, йиқилганидан кейин ҳам зарба беришда давом этган. Буларнинг барчаси болалар кўз ўнггида содир бўлган.
«Мен унга шунчаки навбатга туришни айтдим. Шу сўзим учун у менга ҳужум қилди ва ўнлаб одамлар олдида мени таҳқирлади», — деб қўшимча қилди шифокор.
Хона эшиги очиқ бўлган. Ҳужумчини навбатда турган ИИБ ходими ва бошқа одамлар тўхтатиб қолишган. Хонадан чиққач, эркак ҳақорат қилишда давом этган. Сўнг машинасига ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Шавкат Тоштемиров ҳужум вақтида телефони ва баъзи тиббий аппаратлари ерга тушиб, шикастланганини маълум қилди. У зарарни 10–15 млн сўмга баҳоламоқда. Шунингдек, унга ҳимоя ордери берилмаганини ҳам қайд этди.
«Мен дарҳол 102 га қўнғироқ қилдим. ИИБ ходимлари келишди, тушунтириш хати, кейин ариза ёзишимни сўрашди. Мен уларга Телеграм орқали видеоёзувни юбордим. Уч кун ўтди, лекин ҳужум қилган шахсга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади. Эшитишимча, ишни ёпди-ёпди қилишмоқчи экан. Ўзим ҳозир шифохонада ётибман», — деди шифокор.
У содир бўлган воқеани тиббиёт ходимларига нисбатан ҳурматсизлик намунаси деб атади ва бундай ҳолатларни келтириб чиқарувчилар жазосиз қолмаслиги кераклигини таъкидлади.
«Беморнинг аҳволи оғир бўлса, биз уни навбатсиз қабул қиламиз. Буни навбатда турганлар ҳам тушунишади. Лекин эркакнинг ўғлини аҳволи яхши эди… 12 йиллик фаолиятим давомида биринчи марта бундай вазиятга тушдим. Шифокорларни таҳқирлаш ва калтаклашга йўл қўйиб бўлмайди», — деди нейрофизиолог.
«Ишончим комил, эртага у бошқа шифокорга бориб, ўзини худди шундай тутади. Бундай агрессорлар қонун ишлашини кўриши керак. Агар улар жазоланмаса, жамият бунга кўникиб қолади», — деди Шавкат Тоштемиров.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати 9 февраль куни кундузи «Газета»га ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилди.