Ўзбекистонда рений тузлари ишлаб чиқариш кенгайтирилади

«Ўзбек технологик металлар комбинати» (ТМК) ва KU Leuven университетининг Solvomet тадқиқот гуруҳи (Бельгия) Брюсселда Ўзбекистонда Европа гидрометаллургия технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда комбинат матбуот хизмати хабар берди.

«Рений тузлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда қўшимча ноёб ва ноёб ер элементларини (муҳим фойдали қазилмалар) ажратиб олиш учун» ушбу технологиялар жорий этилади, дейилади хабарда.

KU Leuven — 1425 йилда асос солинган Европадаги энг қадимий ва нуфузли университетлардан бири. KU Leuven’даги Solvomet Group лабораторияси гидрометаллургия ва инновацион саноат технологияларини ишлаб чиқиш бўйича жаҳон етакчиси ҳисобланади.

2021 йилда Ўзбекистонда кўп йиллик тадқиқотлар якунланиб, 99,9 фоиз тозаликдаги металл рений олиш технологияси ўзлаштирилди. Ушбу ноёб металл аммоний перренатидан водород қайтариш усули билан олинган. 2025 йилнинг июнь ойида ТМК Европа Иттифоқи мамлакатларига металл рений экспортини бошлади.