Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 февраль куни уй-жой бозори ва ипотека кредитлашини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йилда ипотека субсидияларини тўлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди – 30 минг нафар ариза берувчи ипотека бўйича давлат ёрдами олади. Шу мақсадда давлат бюджети ҳисобидан 2,5 трлн сўм, ипотека кредитларига эса 20,9 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
Бундан аввал 2024 йил учун 27 мингта субсидия ажратиш режалаштирилган эди.
Ипотека субсидиялари учун аризалар 2025 йил 3 март куни соат 09:00 да қабул қилина бошланади.
Ариза берувчи ва/ёки кафилнинг ўртача даромади қуйидагича бўлиши керак:
- Қорақалпоғистон ва вилоятлар — 2,7 МҲТЭКМ (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, 3.12 млн сўм) дан 8 МҲТЭКМ (9,24 млн сўм) гача;
- Тошкент — 2,7 МҲТЭКМ (3,12 млн сўм) дан 9,2 МҲТЭКМ (10,63 млн сўм) гача.
Шунингдек, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон ҳудудида шахсий уй-жойга эгалик ҳуқуқига эга бўлмаслиги лозим. Бошқа талаблар билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
Аризани топшириш учун Давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали онлайн тарзда юбориш мумкин.
2024 йил ноябрь ойида ҳукумат Ўзбекистонда ипотека субсидияларини олиш тартибига ўзгартишлар киритди. Аризани кўриб чиқиш муддати 14 иш кунидан 5 иш кунига қисқартирилди.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 5 иш куни ичида тўланади. Илгари тўловлар ҳисобот ойининг 25 санасигача амалга оширилар эди.
Шунингдек, субсидиялар томонидан қопланадиган фоиз тўловлари ҳажми ўзгарди. 2025 йилдан бошлаб, ҳозирги кунда 13,5% ни ташкил этувчи Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
2025 йилда умумий майдони 8,1 млн м.2 бўлган 135 минг квартира қуриш режалаштирилган.