
Ўзбекистонда Рамазон ойи 2026 йил 19 февралдан бошланади, деб кўрсатилган президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига таянган қарорида.
Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа шерик ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос равишда ўтказиш чораларини кўриши белгиланган.
Тадбирлар «Рамазон — меҳр-оқибат, бирдамлик ва шукроналик ойи» деган ғоя асосида ташкил этилади. Хусусан, қуйидагилар кўзда тутилган:
- кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- маҳаллаларда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, зиёратгоҳлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш;
- тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказиш.