Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилишга рухсатнома олиш жараёнида ноқонуний ҳаракатлар ва коррупция ҳолатлари ҳақидаги айбловларга изоҳ берди

2025 йил 29 август куни қурилиш соҳаси вакиллари иштирокидаги очиқ мулоқотда тадбиркор Усмонжон Абдусаматовнинг билдирган фикрларига вазирлик муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, рухсатнома ҳужжатларини олиш жараёнида асоссиз рад этишлар ва коррупция ҳолатлари мавжуд.

«Биз участка сотиб олдик, кейин рухсатнома олишимиз керак. Ариза берамиз — рад этилади. Яна берамиз — яна рад этилади. Токи сиз манзилга бориб «ассалому алайкум» демагунингизча (пул узатиш каби ҳаракатни ишора қилади — таҳр.). Бу ҳақда очиқ гапириш керак бўлган реал ҳолат. Ва бу эртанги харажатларга бевосита таъсир қилади», — деди.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкентда рухсатнома олиш ва кадастрдан ўтиш билан боғлиқ қўшимча «харажатлар» битта уй учун 200 минг долларгача, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача етиши мумкин.

Вазирликнинг расмий хабарида айтилишича, қурилиш соҳасидаги барча давлат хизматлари ва тўловлар фақат электрон шаклда, жумладан, my.gov.uz портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Бунда барча босқичларда ариза берувчи (жисмоний ёки юридик шахс) ва ваколатли орган вакили ўртасидаги ҳар қандай ўзаро алоқалар истисно этилади.

Қурилиш вазирлиги сўнгги йилларда бюрократияни қисқартириш, инсон омили ва коррупция хавф-хатарларини камайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётганини эслатди.

«Барча жараёнлар — объектга қурилишга рухсатнома олишдан то фойдаланишга қабул қилишгача — «Shaffof Qurilish» («Очиқ қурилиш») миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилинади», — дейилади баёнотда.

Жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги қарори (ВМ-200) билан тасдиқланган маъмурий регламентлар билан тартибга солинади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, шунингдек, қурилишда давлат хизматларини рақамлаштириш шаффофликни таъминлаш, ортиқча бюрократияни камайтириш ва бизнес ва фуқаролар учун қулайликлар яратиш мақсадида босқичма-босқич давом этаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги ва ҳукуматнинг 2024 йил 25 мартдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳар бир кубометр қурилиш ҳажми учун бир базавий ҳисоблаш миқдорида йиғим жорий этилган.

Йиғим пойтахтда қурилаётган ёки реконструкция қилинаётган объектларга, қуйидагилар бундан мустасно:

  • бюджетдан молиялаштириладиган объектлар,
  • якка тартибдаги уй-жойлар,
  • давлатга қарашли бўлмаган болалар боғчалари ва мактаблар.

Вазирликнинг тушунтиришича, барча тушумлар тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Шунингдек, вазирлик қурилиш соҳасида коррупцияга дуч келган тадбиркорлар ва фуқароларни вазирликнинг комплаенс бўлимларига ва унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишга чақирди.

Маълумот учун:

  • Ишонч телефони: +998 71 210−11−04 (1066 рақамига улаш)
  • Қисқа рақам: 1298
  • Email: info@mc.uz
  • Коррупция бўйича шикоятлар: komplayens@mc.uz
  • Telegram-бот: @Qurilish_Komplayens_bot

Вазирлик қурилиш соҳасида шаффофлик, қонунийлик ва очиқликни таъминлашни долзарб вазифа сифатида кўришини ва мулоқотга очиқ эканини билдирди.

Қурилишда коррупция ҳолатлари

2024 йил ноябрда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг Урганч шаҳар бўлими ходими рухсат бериш ҳужжатларини расмийлаштириш учун пора олаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

ДХХ маълумотларига кўра, бўлимнинг бош мутахассиси 470 кв. м майдонда кўп қаватли турар-жой биноси қуришга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича аҳолининг розилик хатларини тайёрлаш учун 30 миллион сўм талаб қилган. Сўралган сумманинг 20 миллион сўмини олаётган вақтида ходим қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида, шунингдек, Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг Урганч шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосарининг ноқонуний ҳаракатларида иштирок этгани аниқланган.

2024 йилнинг февраль ойида ДХХ Тошкент вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекциясининг бош мутахассисига нисбатан катта миқдорда пул ундириш бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.

Идора маълумотларига кўра, инспекция ходими Ўртачирчиқ туманида қурилган уч қаватли савдо комплексини фойдаланишга қабул қилиш учун маҳаллий тадбиркордан 12 минг доллар талаб қилган. Бундан ташқари, у турли муассасалардаги алоқалари орқали техник хулоса, кадастр ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам беришни ваъда қилган. Хабарда айтилишича, у 10 минг доллар олаётганда қўлга олинган.