
Қудратилла Мирсағович Рафиқов 2025 йил 1 ноябрь куни федерациянинг IX съездида 91,9% овоз олиб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раислигига қайта сайланди. Тадбирда Бош вазир Абдулла Арипов, ҳукумат ва парламент аъзолари иштирок этди.
Федерация матбуот хизмати хабар беришича, касаба уюшма органларининг барча даражадаги раислари ва уларнинг ўринбосарлари сайловлари муқобил асосда яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Қудратилла Рафиқов (1947 йилда туғилган) 2016 йил декабридан буён Касаба уюшмалари федерациясига раҳбарлик қилиб келмоқда, бу лавозимда у Танзила Нарбаеванинг (ҳозирги Сенат раиси) ўрнини эгаллаган. 2020 йил ноябрда у бу лавозимга қайта сайланган эди.
Федерация раҳбари этиб сайланишидан олдин Жиззах аккумулятор заводининг бош директори бўлган. 1998 йилдан 2003 йилгача Жиззах вилояти Касаба уюшмалари кенгаши раиси, 1993–1998 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари бўлган.
Касаба уюшмалари федерацияси ҳақида
Касаба уюшмалари федерацияси — Ўзбекистондаги 8 миллион аъзони бирлаштирган энг оммавий жамоат ташкилоти. Бу йил мамлакат касаба уюшма ҳаракати 120 йиллигини нишонламоқда.
Съездда федерация раиси 2021–2025 йиллардаги фаолияти тўғрисида ҳисобот билан чиқиш қилди. У, федерация 2500 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини кўриб чиққани ва улар бўйича таклиф ва тавсиялар берганини маълум қилди.
13 мингдан ортиқ ташкилотда қарийб 46 мингта қонунбузарлик аниқланган, улардан 39 мингдан ортиғи бартараф этилган. Жамоатчилик назорати натижасида 500 мингга яқин ишчиларнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларга 267 млрд сўм тўлаб берилган.
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра жамоа шартномалари (иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат ва ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжат) сони 127 мингтага етди ва 5,54 миллион ходимни қамраб олди. Улар ёрдамида 960 мингдан ортиқ аёллар, ёшлар ва кексаларга манзилли ёрдам кўрсатилди.
2024 йилда 32,2 мингта корхона ва ташкилотда тариф коэффициентлари оширилди, бу эса 1,3 миллиондан ортиқ ишчиларнинг иш ҳақини ошириш имконини берди.
«Аёллар дафтари» тизими орқали 4,5 миллион аёл ёрдам олди. 969 та кооперация лойиҳалари амалга оширилиб, 124 минг нафар фуқаронинг, шу жумладан 90 мингдан ортиқ аёлнинг бандлиги таъминланди. 5 та вазирликда гендер аудит ўтказилди.
5 йил ичида 14 та янги санаторий қурилди, яна 10 таси реконструкция қилинди. Ўринлар сони 2043 тага кўпайди, бу ҳар йили қўшимча 60 мингдан ортиқ кишини соғломлаштириш имконини берди.
Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида жами 900 мингга яқин фуқаро соғломлаштирилди, улардан 43% имтиёзли йўлланмалар олди.
2022 йилда фаолияти тўхтатилган ёки самарасиз деб топилган 82 та болалар оромгоҳи федерация тасарруфига ўтказилиб, уларнинг умумий сони 110 тадан ошди. 2020–2025 йилларда 9 та янги болалар оромгоҳи қурилди, 76 таси капитал таъмирланди. 2021–2025 йилги ёз мавсумларида 1,5 миллиондан ортиқ бола дам олди, улардан 800 мингтаси стационар оромгоҳларда, 700 мингтаси кундузги оромгоҳларда.
Съезд доирасида Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги бош жамоа келишуви имзоланди.

