Қашқадарё вилояти ички ишлар органларининг бир қатор тузилмавий бўлинмалари ва ҳудудий раҳбарлари лавозимидан озод этилди. Бунга комплекс инспекторлик текшируви натижаларида аниқланган жиддий камчиликлар сабаб бўлди. Текширув натижалари Ўзбекистон ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди. Бу ҳақида ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Лавозимидан озод этилганлар рўйхатида:
- Вилоят ИИБ Руҳий-маънавий тарғибот ва кадрлар таъминоти хизмати бошлиғининг ўринбосари;
- Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг руҳий-маънавий тарғибот бўйича ўринбосари;
- Рўйхатга олиш ва имтиҳонлар бўлими бошлиғи;
- Кўкдалин ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари;
- Косон ва Касбий туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари;
- Муборак тумани ва Қарши шаҳар ИИБ бошлиқларининг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарлари.
Бундан ташқари, қатъий интизомий жазо чоралари қўлланилган раҳбарлар:
- Вилоят ИИБ бошлиғининг жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосари;
- Тергов бошқармаси бошлиғи;
- Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи;
- Йўл ҳаракати хавфсизлиги тергов-қидирув бўлими бошлиғи;
- Касбий тумани ИИБ бошлиғи ва унинг руҳий-маънавий тарғибот бўйича ўринбосари;
- Қарши шаҳри, Косон ва Муборак туманлари ИИБ бошлиқлари.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида ҳудуддаги жиноятчилик ҳолати, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ижро ва хизмат интизомини сақлаш каби масалалар танқидий муҳокама қилинди.
Юқори кўрсаткичлари ва аҳоли ҳамда ҳамкасблари эътирофига лойиқ топилган Шаҳрисабз тумани ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, 28 йиллик хизмат тажрибасига эга майор Ҳусниддин Рустамовга махсус подполковник унвони берилди. Деҳқонобод тумани Мустақиллик маҳалласи профилактика инспектори капитан Лутфулла Ҳамидов эса муддатидан олдин майор унвони билан тақдирланди. Шунингдек, яна 12 нафар раҳбар ходим моддий мукофот билан тақдирланди.