
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистонда пулли йўллар учун тарифлар қандай шаклланиши ва улардан фойдаланиш қандай назорат қилинишига ойдинлик киритди.
Сенатнинг 2026 йил 7 апрелдаги мажлисида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилаётганда, сенатор Ўктамжон Охунов тарифларни белгилаш тамойиллари ва маблағлар сарфланишининг шаффофлиги масаласини кўтарди. У тарифлар асоссиз равишда оширилиб кетмаслиги учун қандай механизмлар кўзда тутилгани ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатлари қандай ҳисобга олиниши билан қизиқди.
Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов саволларга жавоб берар экан, тарифларни шакллантириш методикасини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, йўл ҳақи миқдори йўлнинг узунлиги ва жойлашувига боғлиқ бўлади:
- Масалан, агар гап туман даражасидаги ҳудуд ҳақида кетаётган бўлса, нархни белгилашда биринчи навбатда ўша минтақадаги ижтимоий шароитлар ҳисобга олинади, деди Автойўл раҳбари.
Шунингдек, Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда тарифлар транзит салоҳияти ва транспорт туридан келиб чиқиб шакллантирилади:
- Бу ерда йўл 3−4 та вилоят ҳудудидан ўтади. Тарифлар транзит салоҳияти, транспорт тури (енгил, юк автомобили, автобус), шунингдек, ташилаётган юкнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, табақалаштирилган тартибда белгиланади.
Қўмита раиси операторлар тарифларни ўзбошимчалик билан ошира олмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тирбандлик вақтида ёки ноқулай об-ҳаво шароитида талаб ортган тақдирда ҳам нархларни сунъий равишда кўтаришга йўл қўйилмайди.
Маблағларнинг сарфланиши «Shaffof yo‘l» («Шаффоф йўл») очиқ платформаси орқали назорат қилинади. Ушбу тизимда ҳар бир лойиҳа бўйича ишларнинг бориши, ажратилган маблағлар ва уларнинг ишлатилишини онлайн тарзда кузатиш мумкин бўлади. Масалан, Урганч—Хива пуллик йўли қурилишини ҳозирданоқ ушбу тизим орқали кузатиш мумкин.
Пуллик йўллар лойиҳалари:
- Урганч — Хива: Биринчи пуллик йўл сифатида 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.
- Тошкент — Самарқанд: Қиймати 2,25 млрд долларлик лойиҳа бўлиб, Сергели туманидан бошланади. Тариф аҳолининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади.
- Тошкент — Андижон: 171 км узунликдаги трасса водийга бориш вақтини 2−2,5 соатгача қисқартиради. Лойиҳа қиймати 3,66 млрд долларга баҳоланмоқда.
- Тошкент — Чорвоқ: 52 кмлик йўл қурилиши натижасида Чорвоқ сув омборига бориш вақти 80 дақиқадан 35 дақиқагача тушади.
Турсуновнинг сўзларига кўра, тушумларнинг бир қисми йўлларни сақлашга, қолган қисми эса бюджетга йўналтирилади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида маблағлар тақсимоти шартномаларда қатъий белгилаб қўйилади.