Вазирлар Маҳкамаси 2024 йил 18 декабрь куни давлат хизматлари тизимини яхшилаш бўйича қарор имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжатга мувофиқ, бешта давлат хизмати проактив форматга ўтказилади. Бу хизматлар фуқаролар ва ташкилотлар мурожаатисиз, давлат органларининг ташаббуси билан кўрсатилади деганидир.
Проактив шаклга ўтадиган хизматлар:
- электр энергияси ҳисоблагичларини текшириш;
- табиий газ ҳисоблагичларини текшириш;
- ичимлик суви ҳисоблагичларини текшириш;
- иссиқ сув ҳисоблагичларини текшириш;
- хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш.
Давлат хизматлари агентлиги маълум қилишича, текшириш муддати тугашига уч ой қолганда ваколатли орган ходимлари ҳисоблагичларни ечиб олиб, уларни текширишдан ўтказади ва қайта ўрнатади.
«Сув, газ ва электр энергияси ҳисоблагичларини текшириш ҳақида хавотир олманг! Энди бу ҳисоблагичлар ваколатли органлар ташаббуси билан текширилади», — дейилади хабарда.
Яна олти хизмат композит форматда кўрсатилади, яъни фуқаролар ёки юридик шахсларнинг бир аризаси асосида икки ёки ундан ортиқ хизмат тақдим этилади:
- кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш ва шу манзил бўйича доимий рўйхатдан ўтиш;
- ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва шу манзил бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтиш;
- камида 1 йил муддатга давлат бинолари ёки иншоотларини ижарага бериш ва кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш;
- E-auksion платформасида кўчмас мулк объектларини сотиш ва кўчмас мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш;
- тиббий фаолият лицензияси ва рентген ускуналаридан фойдаланиш учун рухсатнома;
- хавфли юкларни ташиш учун идишларнинг яроқлилиги ҳақидаги хулоса ва ядровий ҳамда радиацион материалларни ташиш шартлари ва воситаларининг санитария нормаларига мослиги ҳақидаги хулоса олиш.
Бундан ташқари, қуйидаги рухсат бериш давлат хизматлари учун паспортлар тасдиқланди:
- биологик фаол моддалар, кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, косметик ва полимер материаллар, атир-упа маҳсулотларини (БАДларни) импорт қилиш ва ишлаб чиқариш учун рухсатнома;
- Ўзбекистондан маданий бойликларни олиб чиқиш ёки вақтинча олиб чиқиш учун сертификат.
Шунингдек, қуйидаги хабардор қилиш хизматлари учун паспортлар тасдиқланди:
- божхона брокери фаолияти;
- халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш;
- нодавлат архивларни ташкил этиш.
Нодавлат архивлар фаолияти учун ортиқча талаблар бекор қилинди.