Ўзбекистонда 1941-1945 йиллардаги урушнинг 82 нафар иштирокчиси истиқомат қилмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши ва унга тенглаштирилган шахслардан 82 нафари яшамоқда. Уларнинг энг кексаси 114 ёшда. Бу ҳақда 2025 йил 1 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фахрийлар сони йил сайин камайиб бормоқда. Куни кеча Шаҳрисабзда 105 ёшли Саъдулла Жабборов вафот этгани хабар қилинди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати “Газета.uz”га аниқлик киритишича, умумий сондан 26 нафари уруш ногиронлари, 15 нафари “Ленинград мудофааси учун” медали ёки “Қамал қилинган Ленинград аҳолисига” белгиси соҳиблари, 22 нафари фашист концлагерларидан ўтган.

Энг кўп уруш иштирокчилари Тошкент шаҳрида истиқомат қилади — 30 дан ортиқ. Тошкент вилоятида улар 10 дан ортиқ, айрим ҳудудларда эса 1-2 нафардан.

Ўзбекистондан фронтга қарийб 1,951 миллион киши сафарбар этилган. Бу ўша пайтда республикада яшаган 6,551 миллион аҳолининг ҳар учинчиси демакдир. Жангларда 538 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак кетган.

Ўзбекистондан 200 мингдан ортиқ аскар ва офицер жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Республиканинг 301 нафар вакили Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 70 нафари уч даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкентда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган “Хотира мактуби янги авлодга” 5 километрлик югуриш марафони ўтказилиши режалаштирилган. Унда 2000 киши иштирок этиши кутилмоқда.

Марафон “Биродарлик қабрлари” ёдгорлик мажмуасидан бошланиб, у ерда Хотира девори ўрнатилади ва “Бунёдкор” стадионигача давом этади. Маршрут давомида бадиий кўргазмалар ва мусиқий томошалар ташкил этилади.

Соат 21:00 да “Янги Ўзбекистон” боғида байрам салюти отилиши режалаштирилган.