Ўзбекистонда октябрь ойида уй-жой бозорида фаоллик кескин ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (ИТИМ) шарҳида айтилган.

2025 йил октябрь ойида уй-жой олди-сотдиси бўйича битимлар сони сентябрга нисбатан 12 фоизга ўсиб, 27,1 мингтага етди, бу 2023 йил август ойидан бери максимал кўрсаткичдир (ўшанда 28 мингта битим бўлган).
Бозорнинг жонланиши мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилди. Бир ой ичида энг юқори фаоллик Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида қайд этилган — ўртача 26 фоизга.
Сурхондарё (+2%) ва Сирдарё (+4%) вилоятларида мўътадил ўсиш кузатилган.
Мамлакат бўйича барча битимларнинг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда сотув ҳажми бир ойда 5,3 фоизга ва йиллик ҳисобда 32 фоизга ўсди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Октябрь ойида «иккиламчи бозор»даги нархлар тезроқ ўса бошлади. Уй-жойнинг 1 кв. м. ўртача нархи бир ойда 2,4 фоизга ошди (сентябрда 0,6 фоизга қарши).
Йиллик ҳисобда ўсиш 7,4 фоизни ташкил этди.
Энг кўп нарх ўсиши Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кузатилди, у ерда ўсиш қарийб 20 фоизга етди.
Тошкент
Пойтахтнинг иккиламчи бозорида нархлар деярли ўзгармади — ўсиш тахминан 0,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2024 йил октябрга келиб ўртача нарх 1 фоизга пасайган.
Энг сезиларли арзонлашиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилди — тахминан 5 фоиз.
Янги қурилган уйларга келсак, бу бозорда октябрь ойида ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошди. Ўсиш бўйича етакчилар Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманлари бўлди — ўртача 5,5 фоиз.
Ижара бозори
Тошкентда ўртача ижара нархи сентябрь ойи даражасида — 1 кв. м. учун 8,5 доллар бўлиб қолди.
Энг юқори нархлар марказий туманларда сақланиб қолмоқда: Миробод, Яккасарой, Мирзо Улуғбек туманлари — 1 кв. м. учун тахминан 10,2 доллар.
Йиллик ҳисобда ижара нархи 1,6 фоизга ошди.
Энг катта ўсиш суръатларини Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманлари кўрсатди (+9%).

