Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/01/2026

Ўзбекистон Марказий банки онлайн-кредитларни кунига битта банк билан чеклади

Ўзбекистонда онлайн-кредитлар расмийлаштиришга чеклов жорий этилмоқда — фуқаро бир кун давомида фақат битта кредит ташкилотидан онлайн-кредит олиши мумкин бўлади. Бу Марказий банкнинг 2026 йил 21 январда рўйхатдан ўтказилган низомида кўзда тутилган. У уч ойдан кейин кучга киради.

Онлайн-кредит учун ариза топширилганда, кредит ташкилоти биринчи навбатда аризачининг маълумотларини кредит шартномаларини тузиш тақиқланган шахслар реестридан текшириши шарт. Агар фойдаланувчи ҳақидаги маълумот реестрда мавжуд бўлмаса, кредит расмийлаштириш жараёни давом эттирилиши мумкин.

Қарз олувчининг қарз юки ва тўлов қобилиятини баҳолаш учун кредит ташкилоти кредит бюроларига кенгайтирилган сўров юборади. Унда ариза топширилган ва розилик берилган вақт, ЖШШИР, фоиз ставкаси, кредит муддати ва суммаси, унинг тури, валютаси, шунингдек, кредит тарихини сўрашдан мақсад кўрсатилади.

Бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилотга ариза топширилгандаги ҳаракатлар тартиби алоҳида белгиланган. Агар битта ЖШШИР бўйича сўровлар бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитордан келиб тушса, кредит бюроси фақат улардан биринчисига жавоб беради.

Ушбу ЖШШИР бўйича кредит расмийлаштирилган тақдирда, бошқа кредит ташкилотларига 24 соат давомида янги сўровлар қабул қилинмаслиги ҳақида хабар берилади.

Онлайн-кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, кредит ташкилоти фойдаланувчини мобил иловадаги push-билдиришнома ва СМС орқали хабардор қилиши шарт. Хабарномада мавжуд бўлган қарздорликнинг умумий суммаси (агар бўлса), шунингдек, берилаётган кредитнинг тўлиқ қиймати кўрсатилиши лозим.

Фойдаланувчига танлов имконияти берилади — расмийлаштиришни давом эттириш ёки аризани бекор қилиб, қисқа муддатларда қайта топшириш ҳуқуқидан фойдаланиш.

Пул маблағлари ўтказилишидан олдин кредит ташкилоти қарз олувчини масофавий биометрик идентификациядан ўтказиши шарт. Онлайн-кредит берилгани ёки рад этилгани ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида кредит бюроларига узатилиши керак.

Ҳужжат, шунингдек, кредит ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда алоҳида «Фирибгарлик ҳақида хабар бериш» бўлимини жорий этиш мажбуриятини юклайди. У орқали фойдаланувчилар эҳтимолий фрод ҳақидаги маълумотларни — шахсий маълумотлардан тортиб, ҳодиса тавсифи, йўқотилган маблағлар суммаси ва содир этилган вақтигача узатишлари мумкин бўлади.

Кредит ташкилотларига ўзларининг ички қоидаларидан келиб чиқиб, фирибгарликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўришга ҳам рухсат берилди.

Ушбу низом доирасида кредит ташкилотлари фирибгарлар томонидан фуқаролар номига расмийлаштирилган онлайн-кредитларни энди ундира олмайдилар. Фоизлар ҳисобланиши шахс жиноий иш доирасида жабрланувчи деб топилганидан кейин тўхтатилади.

Бундан ташқари, банк ва тўлов ташкилотлари учун киберхавфсизлик бўйича янги қоидалар — ЖШШИРни текшириш, юзни «жонли» таниш ва янги қурилмадан кирилганда карталарни ўчириш каби чоралар жорий этилмоқда. Шунингдек, қўнғироқлар вақтида иловаларни блоклаш, «фаол сессиялар» бўлими ва бошқа чоралар кўзда тутилган.