
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 54,99 миллиард долларга етди. Бу 2013 йилдан бери статистика юритила бошлагандан буён қайд этилган рекорд кўрсаткич.
2025 йил сентябрь ойи якунларига кўра, захиралар 4,9 миллиард долларга (+9,8%) ошди. Йил бошидан бери ўсиш 13,8 миллиард долларни (+33,5%) ташкил этди.
Ўсишга асосий ҳиссани яна олтин қўшди, унинг жаҳон бозоридаги нархи 3800 доллардан ошди (октябрда эса 4000 долларлик чегарани ҳам кесиб ўтди). Регулятор маълумотларига кўра, бир ой ичида олтин нархининг 3407,5 доллардан 3806,5 долларгача (+11,7%) ўсишидан келган самара 4,6 миллиард долларни ташкил этди.
2025 йил бошидан бери қимматбаҳо металл АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати, кейинчалик АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ставкасининг пасайишига оид кутилмалар, шунингдек, Трампнинг ФЗТ мустақиллигига тажовузи фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.
Захиралардаги қимматбаҳо металлнинг жисмоний ҳажми 140 минг троя унциясига (4,35 тонна) – 11,62 миллион унцияга (361,4 тонна)ча қисқарди. Йил бошидан бери унинг захиралари 680 минг унцияга (21,15 тонна) камайган.
Шунга қарамай, олтин захирасининг қиймати 4,17 миллиард долларга ошиб, 44,24 миллиард долларга етди. Бу кузатувлар олиб борилган барча даврлар ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Мамлакат умумий захираларининг 80,4 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади.
Захираларнинг валюта қисми 735,73 миллионга – 10,18 миллиард долларгача ўсди.
Захиралардаги қимматли қоғозлар ҳажми 1,02 миллиард долларгача (+$3,5 млн) ошди.
Олтин – барқарорлик омили сифатида
Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов 2025 йил 11 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида баъзи иқтисодчиларнинг жаҳон бозорида олтин нархи прогноз қилинган даражадан юқорига кўтарилганда қўшимча даромадларни жамғариш учун фонд тузиш таклифи ҳақидаги саволга жавоб берди.
Унинг таъкидлашича, олтин сотувидан тушган даромадлар Марказий банкда эмас, балки ишлаб чиқарувчилар ва давлат бюджетида тўпланади, шунинг учун муҳокама ушбу хусусиятдан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши керак.
Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, Марказий банк қонунга мувофиқ олтин сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга, ҳар ойда уни ишлаб чиқарувчилардан сотиб олади ва етказиб бериш кунидаги жаҳон нархлари бўйича ҳисоб-китоб қилади. Сўнг МБ раиси “ортиқча даромадларни” жамғариш учун фонд ташкил этиш ғоясига изоҳ берди.
“Менимча, сўнгги пайтларда олтин нархининг ўсиши, шубҳасиз, иқтисодиётимиз учун ижобий омил. Бир томондан, бу корхоналарни қўшимча маблағ билан таъминлайди, бошқа томондан – бюджетга солиқ тушумларини оширади. Олтиндан тушадиган тушумларнинг бюджетдаги улуши жуда салмоқли эканлигини ҳаммамиз биламиз”, – деди Ишметов.
Унинг қўшимча қилишича, бундай даромадларни сақлаш ёки тақсимлаш тўғрисидаги қарорни Марказий банк эмас, балки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қабул қилиши керак:
- “Биз ўз ваколатимиз доирасидан ташқаридаги масалаларни изоҳлаб, нотўғри сигналлар бермаслигимиз керак”.
Тимур Ишметов ғоянинг моҳияти ҳақида гапирар экан, жаҳон амалиётида ортиқча даромадларни жамғариш товарлар нархлари циклик тебранишларга мойил бўлган хомашё иқтисодиётларига хос эканлигини таъкидлади.
“Хомашё нархлари ошганда, бюджет кўпроқ даромад олади, пасайиш даврида эса – камроқ. Шунинг учун кўпгина мамлакатларда ортиқча даромадлар қулай даврларда сақланиб, қийин пайтларда фойдаланиладиган механизмлар қўлланилади”, – дея тушунтирди МБ раҳбари.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, олтин ҳолатида бундай ёндашув қўлланилмайди, чунки бу металл иқтисодиёт циклларларига тескари ҳаракат қилади.
“Иқтисодиёт беқарор бўлганда, инвесторлар олтин сотиб олишни бошлайдилар. У контрциклик хусусиятга эга – автоматик равишда барқарорлаштирувчи вазифасини бажаради”, – дея қайд этди Ишметов.
“Шунинг учун амалиётда олтин бўйича даромадларни жамғариш механизмини қўллаш қийин. Жаҳон иқтисодиёти барқарор бўлганда, олтин нархлари одатда паст бўлади ва қўшимча даромадлар бўлмайди. Ҳозирги нархлар ўсиши эса глобал ноаниқлик билан боғлиқ. Яъни, олтиннинг ўзи барқарорлаштириш функциясини бажаради, ва бунинг учун алоҳида фонд ташкил этиш, менимча, маънога эга эмас”, – дея хулоса қилди Марказий банк раиси.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизимининг барқарорлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Улар миллий валюта курсининг кескин тебраниши юз берганда унинг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқироз ҳолатларида импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хатарлардан суғурта сифатида фойдаланилиши мумкин.
Захиралар экспорт қилинадиган товарлар нархларининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлар каби ташқи шоклардан ҳимоя қилувчи ўзига хос “хавфсизлик ёстиғи” ҳисобланади.