
Робахон Анваровна Маҳмудова Ўзбекистон Олий судининг янги раиси бўлди. Сенат президент Шавкат Мирзиёевнинг тақдимномасига биноан уни 2026 йил 18 июнь куни бўлиб ўтган мажлисда сайлади.
Робахон Маҳмудова 67 ёшда. У 2024 йил январдан буён «Адолат» социал-демократик партиясига раҳбарлик қилиб келмоқда. Бунгача — 2020 йил июль ойидан бошлаб — Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича суд коллегияси раиси лавозимида ишлаган.
У 2023 йилда «Адолат» партиясидан муддатидан илгари ўтказилган президентлик сайловларида иштирок этган ва 4,43 фоиз овоз тўплаб, давлат раҳбари этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Сайловолди кампанияси ва сайловлар вақтида унинг судьялик ваколатлари вақтинча тўхтатиб турилган эди.
Робахон Маҳмудова ўзининг сайловолди дастурида судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш, адвокатурани кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш фаолиятининг эскирган моделини ўзгартириш, тиббиётни тижоратлаштиришдан воз кечиш ҳамда ажримларнинг олдини олиш тарафдори бўлиб чиққан эди.
Робахон Маҳмудова Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган (1983 йилда). Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси ва Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган. Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси бўлган.
Олий суднинг аввалги раҳбари Бахтиёр Исломов худди шу куни муддатидан олдин лавозимидан озод этилди. Унинг ваколат муддати 2027 йил август ойида тугаши керак эди.
2026 йил июнь ойи бошида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда суд тизимида коррупцияга қарши курашиш масаласи муҳокама қилинган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Олий суд тузилмасида Комплаенс-назорат хизматини ташкил этиш, коррупцияга чидамлиликни диагностика қилиш, судьяларнинг манфаатлар тўқнашуви, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларациялар тизимини жорий этиш ҳамда бошқа ўзгаришлар тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.