
Ўзбекистон Олий суди раиси Бахтиёр Жаҳонгирович Исломов муддатидан олдин лавозимидан озод этилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги тақдимномани Олий Мажлис Сенатига киритди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
2026 йил 18 июнь куни Сенат Кенгашининг мажлисида Бахтиёр Исломовни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бахтиёр Исломов 2022 йил 10 августда Олий суд раиси этиб сайланган эди. Конституцияга мувофиқ, Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари президент тақдимномасига биноан Сенат томонидан 5 йил муддатга сайланади. Шу тариқа, Бахтиёр Исломовнинг ваколат муддати 2027 йилнинг август ойида тугаши керак эди.
«Судлар тўғрисида»ги қонунда «асослар мавжуд бўлган тақдирда» ваколатларни муддатидан илгари тугатиш кўзда тутилган.
Бахтиёр Исломовнинг истеъфоси ҳақидаги тахминлар интернет-каналларда 2026 йил 9 июнь куни — президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда суд тизимида коррупцияга қарши кураш масаласи муҳокама қилинганидан бир кун ўтиб пайдо бўлган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Олий суд тузилмасида Комплаенс-назорат хизматини ташкил этиш, коррупцияга чидамлиликни диагностика қилиш, судьяларнинг манфаатлар тўқнашуви, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларациялар тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.