
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил 25 июндаги мажлисда вояга етмаганларни ноқонуний диний ўқитиш учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат Президентга кўриб чиқиш учун юборилди.
Эътиборлиси, ушбу қонунга интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштиришни назарда тутувчи норма ҳам киритилган.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев таъкидлаганидек, мамлакатда болалар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Болаларда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришга, шунингдек, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашадиган сифатли таълим олишлари учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, — дея урғулади у.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда сўнгги йилларда республикада вояга етмаганларни ноқонуний диний ўқитиш ҳолатларининг ўсиши кузатилмоқда. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг 229-2-моддасига (диний таълимотларни ўқитиш тартибини бузиш) болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини кучайтиришга қаратилган қўшимча киритилмоқда.
Янги нормага кўра, вояга етмаганга диний таълимотни махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилот марказий бошқарув органининг рухсатини олмаган шахс томонидан ўқитиш, шунингдек, вояга етмаганга диний таълимотни хусусий тартибда ўқитиш қуйидагиларга сабаб бўлади:
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 дан 100 бараваригача миқдорда жарима (ҳозирги вақтда 18,75 млн сўмдан 37,5 млн сўмгача);
- ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
- ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Ҳозирда диний таълимотларни махсус диний маълумотсиз ва рухсатсиз (умуман, фақат вояга етмаганларга эмас) ўқитиш маъмурий жавобгарликни (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси) БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача жарима (1,87 млн сўмдан 3,75 млн сўмгача) ёки 15 суткагача қамоқ жазосини назарда тутади.
Такрорий ҳуқуқбузарлик содир этилганда, БҲМнинг 50 дан 100 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилади.
Шундай қилиб, янги норма вояга етмаганни ноқонуний диний ўқитишда дарҳол жиноий жавобгарликни назарда тутади.
2025 йил февраль ойида Ўзбекистонда ота-оналар томонидан ўз фарзандларини диний таълимга ноқонуний жалб қилиш учун жавобгарлик белгиловчи қонун кучга кирган эди. Бунинг учун БҲМнинг 5 бараваридан 15 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилган (такрорий бузилишда). Болаларни лицензияланмаган диний ташкилотларга бериш тақиқланади.