Ўзбекистон адлия вазирининг янги ўринбосари тайинланди

Нўъмон Муҳаммадиев расм

Нўъмон Усмонович Муҳаммадиев Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Нўъмон Муҳаммадиев 1982 йилда туғилган. 2003 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Адлия вазирлигининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасида катта маслаҳатчи сифатида бошлаган. Кейинчалик ушбу бошқармада етакчи ва бош маслаҳатчи лавозимларида фаолият юритган. 2009—2013 йилларда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2016—2023 йилларда Адлия вазирлиги тизимида турли лавозимларда фаолият юритган: давлат хизматларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, президент қарорлари ва топшириқларининг ижросини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар 2023 йилдан бери Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Нўъмон Муҳаммадиев мазкур лавозимда 2019 йил январидан буён ишлаб келган Худоёр Мелиевни алмаштирди. Расмий равишда ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилмаган.