
Намангандаги «Навбаҳор» футбол мактаби Нидерландиянинг «Аякс» клуби академияси бошқарувига уч йил муддатга ўтказилади. Бу ҳақда 2025 йил 16 сентябрь куни Наманган вилоятида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, академиянинг 11 нафар мутахассиси — мураббийлар, скаутлар ва методистлар Наманганга етиб келади.
Давлат раҳбари академия дунёнинг етакчи клубларида ўйнай оладиган ва Жаҳон чемпионатларида иштирок эта оладиган футболчиларни тарбиялаб беришига ишонч билдирди.
«Наманганга келиб, футбол ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Наманган ёшлари учун футбол нафақат ўйин, балки ҳаёт тарзидир. Ҳар бир бола маҳаллада тўп тепиб ўсади. «Навбаҳор»нинг ҳар бир ўйини шаҳар учун катта байрамдир», — деди давлат раҳбари.
2025 йил август ойида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Манчестерга ташрифи доирасида City Football Group холдинги (БАА) билан ўзбек клубини «Манчестер Сити» ва бутун дунё бўйлаб яна 12 та жамоани ўз ичига олган халқаро тизимга интеграция қилиш имкониятини муҳокама қилган эди.