
Наманганда ватандошларига пул эвазига хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилган икки фуқаронинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, хусусий бандлик агентлигининг норасмий ходими Тўрақўрғон туманининг 4 нафар фуқароси ишончига кириб, уларни 2000 доллар эвазига Жанубий Кореяга ишга жойлаштиришни таклиф қилган. У 1000 доллар миқдоридаги авансни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бошқа бир ҳолатда, туристик фирма раҳбари ўз ҳамюртидан гўёки ўзининг нуфузли танишлари орқали Словакияда ишга жойлаштириш учун 40 млн сўм талаб қилган. У виза расмийлаштириш учун мўлжалланган 600 доллар ва 2,8 млн сўмни олаётган вақтда қўлга олинган.
Таъкидланишича, бу фуқаро аввал ҳам фирибгарлик учун жавобгарликка тортилган.
Иккала фуқарога нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

