Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Оҳангаронда микропроцессор модуллари ва тўлов карталари ишлаб чиқарилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 февраль куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги корхоналар фаолияти билан танишмоқда. Хусусан, у Vades Group компанияси лойиҳасини кўздан кечирди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Ушбу корхонада ID ва SIM-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталари учун мўлжалланган микропроцессор модуллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қиймати 15 миллион доллар бўлган корхона Eltech Industrial технопаркида Германиянинг Infineon Technologies компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ҳозирда қурилишнинг иккинчи босқичи 15 фоизга бажарилган бўлиб, 7 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган.

Прогнозларга кўра, ушбу завод ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲ давлатларидаги энг йирик 3 та корхонадан бирига айланади, дейилади хабарда.

4 гектар майдонни эгаллаган мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилади, маҳсулот экспорти ҳажми 6 миллион долларни ташкил этади.

Хабарда қайд этилишича, 2025 йилда Ўзбекистон 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, SIM-карталар ва турли тўлов карталарини импорт қилган.

Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариши кутилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик ва Камбоджага экспорт қилиш режалаштирилган.