
2025 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда меҳнат назорати механизмига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу президентнинг 2025 йил 4 августдаги фармонида назарда тутилган.
Хусусан, давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширишлар ҳақида ваколатли органларни олдиндан хабардор қилиш мажбурияти бекор қилинмоқда. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълум қилишича, бундай текширишлар натижалари якунлангандан кейин 3 кундан кечиктирмай «Ягона давлат назорати» тизимига киритилиши керак.
Бундан ташқари, агар текширувлар меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилса, тадбиркорларни хавфларни таҳлил қилиш тизими бўйича текширувлар бошланиши ҳақида 10 кун олдин огоҳлантириш қоидаси қўлланилмайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб Ягона миллий меҳнат тизими орқали иш берувчи иштирокисиз, кейинчалик электрон маъмурий қарорлар қабул қилган ҳолда маъмурий жарималар юбориш имконияти пайдо бўлади.
«Огоҳлантирмасдан назоратни амалга ошириш қоидаси халқаро амалиётга мос келади ва Халқаро меҳнат ташкилотининг 81 ва 129-сонли конвенциялари талабларига асосланади (улар Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган). Хусусан, Конвенция меҳнат инспекторлари ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлганда, олдиндан огоҳлантирмасдан, куннинг исталган вақтида исталган корхонага ташриф буюриш ҳуқуқига эга бўлишини талаб қилади», — дея тушунтирди вазирлик.
Норасмий бандлик учун жарима
Фармонга кўра, норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан 30 та базавий ҳисоблаш миқдорида (12,36 млн сўм) маъмурий жавобгарлик белгилаш, такрорий бузилиш ҳолатида эса 100 та БҲМ (41,2 млн сўм) миқдорида жарима солиш режалаштирилган.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига август ойига қадар ушбу жазони жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасида норасмий бандлик билан боғлиқ қоидабузарликлар учун «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида иш берувчиларнинг рейтинг балларини тушириш тизимини жорий этиш назарда тутилган.