Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/12/2025

Когондаги цехда портлаш натижасида 4 киши ҳалок бўлди, 4 киши жароҳатланди

2025 йил 6 декабрь куни эрталаб Бухоро вилояти Когон туманидаги Shams Ltd компаниясининг тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддалар ишлаб чиқариш цехида портлаш содир бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Натижада ёнғин келиб чиқди. Уни ўчиришга 7 та ўт ўчириш экипажи жалб этилди. Ёнғин соат 10:27 да ўчирилди.

Портлаш пайтида цехда 30 киши бўлган, улардан 4 нафари ҳалок бўлган, 4 нафари енгил тан жароҳати олган, дейилади хабарда. Жабрланганлардан икки нафари тиббий ёрдам олгандан сўнг шифохонадан чиқарилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссияга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф этиш, сабабларини аниқлаш ва келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 декабрь куни Гулистондаги (Сирдарё вилояти) кафелардан бирида газ баллони портлаши содир бўлганди. 29 киши жароҳат олган, улардан 3 нафари вафот этган. Президент жабрланганлардан хабар олганди. У, «фожиа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизими учун катта дарс бўлиши кераклигини» таъкидлаган. Қиш ойларида бу каби ҳодисаларнинг олдини олишга масъул бўлган барча идораларга кеча-кундуз иш режимига ўтиш топширилган.