Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари солиқлари бозор нархида ҳисобланади

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади. Бу президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва норасмий иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.

Қурилиш ва савдо соҳаларида фаолият юритувчи юридик шахслар ўз устав капитали ва ундаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан устав капиталига киритилган товарлар ҳақидаги маълумотларни (электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-назорат-касса техникаси чеклари, божхона юк декларациялари, нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномалари ва бошқа ҳужжатлар) ҳисобга олишни юритишлари шарт.

Ушбу операциялар ўтказилгандан сўнг 15 кун ичида солиқ органларининг маълумотлар базасида шахсий кабинет орқали мажбурий тартибда акс эттирилиши керак.

Шу санадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида солиқ органларида рўйхатдан ўтмасдан жисмоний шахсларга товарларни сотаётган ёки электрон хизматлар кўрсатаётган хорижий компаниялар хабардор қилингандан сўнг 30 кун ичида рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади. Акс ҳолда, уларнинг мамлакатдаги фаолияти чекланади.

Бундан ташқари, импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари 9 ой давомида, янги гўшт ва мева-сабзавот маҳсулотлари эса 3 ой давомида сотилмаганлик факти, агар уларнинг қолдиқлари 500 БҲМ (206 млн сўм) қийматидан ошса, сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади.

Камерал текширувлар чоғида солиқ органлари солиқ тўловчилар ўз позициясини тасдиқлаш учун тақдим этадиган қўшимча ҳужжатларни кўриб чиқишга мажбур бўлади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар тадбиркорларни белгиланган асослар бўйича текширишларни фақат бодикамералардан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин.

2024 йил апрель ойида уй-жой сотиб олиш жараёнининг шаффофлигини ошириш мақсадида қурувчилар учун солиқ базасини 1 кв. метрнинг минимал нархидан келиб чиқиб аниқлаш таклиф қилинган эди. Тошкентда ўртача минимал нархни 1 кв. метр учун 5−7,5 млн сўм миқдорида белгилаш режалаштирилган эди.

2025 йил июль ойида тадбиркорлар билан учрашувда Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Шерзод Қудбиев Ўзбекистонда кўчмас мулк сотишда нархларни оммавий равишда пасайтириш ҳолатларини маълум қилган эди: 2000 та нотариал битим 1 кв. метр учун 1 млн сўмдан паст нархда, 9300 та битим эса 1 миллиондан 3 млн сўмгача нархда тузилган. У ўшанда уй-жойнинг минимал қиймати чегарасини белгилашни таклиф қилганди.

Солиқ қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2024 йилнинг декабрь ойида солиқ фирибгарлиги схемалари ҳақида гапирган эди — қурувчилар ёки кўчмас мулк сотувчилари битим қиймати асосида ҳисобланадиган солиқларни камайтириш ва даромаднинг бир қисмини яшириш мақсадида битимларни ҳақиқий бозор қийматидан анча паст нархда расмийлаштиради. Масалан, 1 млрд сўм турадиган квартира расман 500 млн сўмга сотилади. Натижада солиқлар фақат 500 млн сўмдан тўланади, қолган сумма эса «конвертда» берилади.

Иккинчи схема — жисмоний шахслар қурилиш материалларини (масалан, цемент, арматура, бўёқ) компаниянинг устав капиталига улуш сифатида киритади. Материаллар пасайтирилган ёки оширилган қийматда баҳоланиши мумкин. Натижада компаниянинг солиқ мажбуриятлари камаяди.