Сенат автобус йўлакларида ҳаракатланиш учун жарималарни маъқуллади

Ўзбекистонда жамоат ва махсус транспорт (тез ёрдам, ёнғин машиналари ва бошқалар) учун ажратилган йўлакларда автомобиллар ҳаракатланиши учун жарималар жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу 2025 йил 17 март куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонунда кўзда тутилган. Ҳужжат энди президент томонидан имзоланиши керак.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, кўчалардаги тирбандлик муаммоси айниқса Тошкент шаҳрида долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 2-3 йил ичида пойтахтда тирбандлик даражаси ҳар куни 7-9 баллга етмоқда, баъзан эса 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса стрессли ва низоли ҳолатларнинг юзага келишига олиб келмоқда ҳамда йўловчилар ва ҳайдовчиларнинг йўлда кўп вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.

Тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини оммалаштириш мақсадида сўнгги икки йил ичида Тошкентда автобуслар сони икки баравар ошиб, 1959 тага етди. Улар учун ажратилган йўлаклар туфайли автобусларнинг ҳаракат интервали ўртача икки баравар қисқариб, 16 дақиқани ташкил этди. Пойтахтда автобуслардан ҳар куни фойдаланувчи йўловчилар сони 1 миллион кишига етди.

Бироқ, сенаторнинг қайд этишича, жамоат транспортидан самарали фойдаланиш ва унинг мунтазам ҳаракатланишига қонунчиликдаги камчиликлар халақит бермоқда.

Ажратилган йўлакларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган бўлишига қарамай, ҳайдовчилар бу қоидаларни оммавий равишда эътиборсиз қолдирмоқда. Шунингдек, улар автомобилларини бемалол ушбу йўлакларга қўйиб кетмоқда.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ажратилган йўлакларга фақат узлуксиз чизиқ билан белгиланган жойларда бурилиш ёки йўловчиларни тушириш ва миндириш мақсадида кириш мумкин, агар бу жамоат транспорти ҳаракатига халақит бермаса. Шу вақтгача ушбу қоидаларни бузганлик учун жарима назарда тутилмаган эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг таклиф этилган янги 128-7-моддасига кўра, жамоат транспорти йўлакларида ҳаракатланган ҳайдовчилар 1 базавий ҳисоблаш миқдори (375 минг сўм) жарима тўлаши керак бўлади. Бир йил ичида қайта такрорланган қоидабузарлик учун эса жарима 3 БҲМ (1,125 миллион сўм) этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб ушбу қоидабузарлик учун юқорироқ жарималар таклиф қилинган эди, бироқ қонун январь ойида қабул қилинаётганида депутатлар жарима миқдорини камайтиришга қарор қилишди.

Ажратилган йўлаклардан тез ёрдам, ёнғин ва бошқа махсус хизмат машиналарининг ҳаракати рухсат этилади. Шунингдек, ажратилган йўлакка қўшни ҳудуддан кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр ичида, узлуксиз чизиққача ёки энг яқин узлуксиз чизиқ бўлган қисмгача киришга рухсат этилади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, узлуксиз чизиқлар ҳамма жойда тўғри чизилган эмас.

Бундан ташқари, ҳайдовчилар жаримага тортилиши мумкин бўлган жойлар рўйхати кенгайтирилди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ва йўл белгилари талабларига риоя қилмаслик билан боғлиқ бўлган 128-модда эндиликда «тротуарлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш»ни ҳам ўз ичига олади. Ушбу қоидабузарлик учун 1 базавий ҳисоблаш миқдорида жарима белгиланган.