Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари тайинланди

Эъзозхон Гапиржановна Каримова мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – Низомий номидаги Миллий педагогика университети ректори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими президентнинг 2025 йил 28 апрелдаги фармони билан жорий этилган эди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Миллий педагогика университети ташкил этилмоқда. У республикада педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланган. Университетни бошқариш тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида такомиллаштирилади.

Эъзозхон Каримова тайинлангунига қадар Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

2021 йилда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи, 2021-2023 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.

2023-2024 йилларда “Янги Ўзбекистон” университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори бўлган.

2021 йил ноябрь ойидан буён Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори лавозимида ишлаб келган Абдуғаффор Қирғизбоев Наманган давлат университети ректори этиб тайинланди.