
Испанияда 16 ёшга тўлмаган шахслар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Педро Санчес 2026 йил 3 февраль куни БААда бўлиб ўтган етакчилар саммитида маълум қилди.
«Фарзандларимиз ўзлари ёлғиз бўлиши ҳеч қачон кўзда тутилмаган маконда қолиб кетишмоқда. Бу қарамлик, зўравонлик, порнография, манипуляция ва шафқатсизлик маконидир. Биз бунга бошқа тоқат қилмаймиз. Биз уларни рақамли «Ёввойи Ғарб»дан ҳимоя қиламиз», — деди Санчес.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, ижтимоий платформалар «шунчаки белги қўйиш эмас», балки ёшни текширишнинг самарали тизимларини жорий этишга мажбур бўлади.
Таклиф этилаётган тақиқ вояга етмаганларни рақамли ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонунга ўзгартиришлар доирасида қабул қилинади. Қонун лойиҳаси муҳокамаси келаси ҳафта бошланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Испания ҳукумати ижтимоий тармоқлар раҳбарларига ноқонуний ёки нафрат уйғотувчи контентни ўчира олмагани учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун қабул қилади.
«Биз алгоритмик манипуляциялар ва ноқонуний контент тарқатишни янги жиноий ҳуқуқбузарликка айлантирамиз. Нафрат тарқатишнинг ўз баҳоси бўлиши керак», — деди.
Санчес, шунингдек, Испания чегаралараро тартибга солишни мувофиқлаштириш ва таъминлаш мақсадида Европанинг бешта бошқа давлати — «рақамли технологияларга тайёр бўлганлар коалицияси»га қўшилганини билдирди. Санчес гап қайси давлатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади, бироқ коалиция яқин кунларда учрашув ўтказишини қайд этди.
Миллиардер, X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск Санчеснинг баёнотига муносабат билдириб, уни «золим» ва «Испания халқининг хоини» деб атади. «Санчес — ҳақиқий фашист тоталитарист», — деб ёзди кейинроқ Маск X тармоғида.
Австралия 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларни бутунлай тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат бўлди. 2025 йил декабрида кучга кирган тақиқ остига TikTok, YouTube, Facebook, Instagram ва бошқа йирик платформалар тушди.
Шунга ўхшаш чораларни ҳозирда Буюк Британия кўриб чиқмоқда, Франция ва Дания эса 15 ёшга тўлмаган шахслар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш ниятида. Франция президенти Эммануэль Макрон январь ойида тақиқ сентябрда янги ўқув йили бошлангунга қадар кучга кириши учун қонун қабул қилиш жараёнини тезлаштирмоқчи эканини айтган эди.