Суд Octobank аризасига кўра Humans’ни банкрот деб топди. Тафсилотлар

Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank аризасига кўра Humans компаниясини банкрот деб топди ва компанияга нисбатан унинг фаолиятини тугатмасдан туриб, тугатиш жараёнини бошлади. Тегишли қарор 2025 йил14 октябрь куни судья Б. Султонов раислигида қабул қилинди.

Аввал хабар берилгандек, ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Humans’га боғланган карталаридан ўзлари билмаган ҳолда ва ҳеч қандай ҳаракатларсиз пул ечиб олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Марказий банк фуқароларнинг хабарларидан сўнг текширув бошлади. Регулятор юзага келиши мумкин бўлган заифликни бартараф этиш мақсадида Humans билан боғлиқ маблағ ўтказиш операцияларини тўхтатди ва барча шубҳали транзакцияларни ўрганаётганини маълум қилди.

Нима учун низо келиб чиқди

Июнь ойида Octobank Humans молиявий хизматини ўз тизимидан ўчирганини маълум қилган эди. 13 июндан бошлаб Visa кобренд карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилган. Банк Humans’ни 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва зарарни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Томонлар 2020 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. «Octobank шартнома шартларини виждонан бажарган, бироқ Humans МЧЖ банк томонидан Humans молиявий хизмати доирасида амалга оширилган клиринг операциялари бўйича пуллик қопламани ўз вақтида қайтаришдан кўп марта бош тортган ва мукофот пулини ўз вақтида тўламаган», — деб даъво қилган банк.

Humans «шартнома мажбуриятларини мунтазам бажармагани» учун Octobank’га қарши қарши даъво киритган.

«Humans Visa карта эгаларининг мурожаатлари банк томонидан тўлиқ эътиборсиз қолдирилган ёки жиддий кечикишлар билан кўриб чиқилган юзлаб қоидабузарликлар қайд этилган. Гап банкнинг базавий операцион жараёнларининг ночорлиги ҳақида бормоқда, натижада Humans Visa нинг якуний фойдаланувчилари жабр кўрган», — дея баёнот берди компания.

2025 йил 13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans’дан Octobank фойдасига қарийб 430 млрд сўм (Марказий банкнинг амалдаги курси бўйича $35,8 млн) ундириш тўғрисида қарор қилди:

  • 399,8 млрд сўм асосий қарз;
  • 605,2 млн сўм мукофот пули бўйича қарздорлик;
  • 19,6 млрд сўм пеня;
  • 9,64 млрд сўм давлат божи;
  • 37,5 минг сўм почта харажатлари.

Қарор 2025 йил 14 июлда қонуний кучга киргандан сўнг ижро варақаси берилди. Бироқ, иш материалларида қайд этилишича, қарздордан пул маблағларини ундириш имкони бўлмаган.

Қарздорнинг мол-мулкини текшириш

Иш доирасида суд ва вақтинчалик бошқарувчи қарздорнинг мол-мулки борлиги ҳақидаги маълумотларни сўради.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги жавобига кўра, «Humans» МЧЖ номида иккита автомобиль: 2020 йилда ишлаб чиқарилган D-MAX IRBIS ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган Malibu-2 рўйхатдан ўтган.

Марказий қимматли қоғозлар депозитарийси 30 июлдаги хатида жамият номида қимматли қоғозлар — акция ва облигациялар рўйхатдан ўтмаганлигини маълум қилди.

Давлат кадастр палатасининг Тошкент шаҳар бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги хатига кўра, қарздор номида Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Маҳтумқули кўчаси, 2б-уй манзилида жойлашган нотурар жой рўйхатдан ўтган.

Суддаги томонлар позициялари

Суд мажлиси банк ва компания вакиллари иштирокида ўтказилди.

Кредитор, яъни Octobank вакили аризани қўллаб-қувватлади ва суддан Humans’ни банкрот деб топишни ҳамда фаолиятини тўхтатмасдан туриб тугатиш жараёнини бошлашни сўради.

Суд бошқарувчиси Humans кредиторлари йиғилишининг 2025 йил 12 августдаги баённомасига кўра, кредиторлар қарздорни банкрот деб топиш, корхона фаолиятини тўхтатмасдан туриб тугатиш жараёнини бошлаш, шунингдек, Аброржон Мадрахимовни тугатиш бошқарувчиси этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.

У судга қўшимча ҳужжатларни тақдим этди ва қарздорни доимий тўловга лаёқатсиз деб топишни сўради.

Humans вакиллари кредитор талабларига эътироз билдирди, қўшимча ҳужжатларни тақдим этди ва қарздорликни тўлаш бўйича чоралар кўраётганликларини маълум қилди. Улар суддан аризани қаноатлантиришни рад этишни сўрадилар.

Суднинг ҳуқуқий баҳоси

Суд Иқтисодий процессуал кодекснинг 210-моддаси ва «Тўловга лаёқатсизлик тўғрисида»ги қонун нормаларига таяниб, банкротлик ишлари қонунчиликда назарда тутилган махсус қоидаларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилишини кўрсатди.

Қонунга кўра, вақтинчалик тўловга лаёқатсизлик белгиси мажбуриятлар юзага келган пайтдан бошлаб уч ой давомида бажарилмаслиги, доимий тўловга лаёқатсизлик эса белгиланган ҳисобот саналарида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Иш материалларида Humans компанияси ўз мажбуриятларини уч ойдан ортиқ вақт давомида бажармагани, аввал чиқарилган суд қарори ва берилган ижро варақаси ҳам бажарилмаганлиги қайд этилган. Шу асосда суд тўловга лаёқатсизлик белгилари мавжуд деган хулосага келди.

Суд, шунингдек, кредиторлар қарздорни банкрот деб топиш ва фаолиятини тўхтатмасдан туриб тугатиш вариантини қўллаб-қувватлаган 12 августдаги биринчи кредиторлар йиғилиши қарорини ҳам ҳисобга олди.

Тиклаш жараёнларини (санация, ташқи бошқарув) жорий этиш ёки ярашув битимини тасдиқлаш учун асослар йўқлигини ҳисобга олиб, суд Octobank талабларини асосли ва тўлиқ қаноатлантирилиши лозим деб топди.

Суд нима қарор қилди

Суд қуйидагиларни қарор қилди:

  • Кредитор Octobank’нинг аризасини тўлиқ ҳажмда қаноатлантириш;
  • Humans’ни банкрот деб топиш;
  • Қарздорга нисбатан унинг фаолиятини тўхтатмасдан туриб тугатиш жараёнини бошлаш;
  • Аброржон Мадраҳимовни Humans’нинг тугатиш бошқарувчиси этиб тайинлаш.

Тугатиш бошқарувчиси мажбур:

  • Уч кун муддатда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишни бошлаш тўғрисидаги маълумотларни расмий оммавий ахборот воситаларига нашр этиш учун юбориш ва судга тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш;
  • Қарздорнинг фаолиятини таҳлил қилиш ва унинг натижалари бўйича банкротликни яшириш ёки банкротликка олиб келиш белгилари мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисида хулоса тайёрлаш ва уни судга тақдим этиш;
  • Қонунга мувофиқ тугатиш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг натижалари бўйича якуний ҳисоботни 2026 йил 10 июлгача тақдим этиш;
  • Қарор нусхаларини ваколатли давлат органларига, тегишли солиқ органига ва Мажбурий ижро бюросига юбориш.

Бундан ташқари, суд Humans’дан Octobank фойдасига суд харажатларини ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Қарор устидан бир ой муддатда апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Бошқа қарзлар ҳақидаги хабарлар

2025 йил декабрь ойи бошида ўнлаб аноним Telegram-каналларда Humans’нинг турли компаниялар олдидаги қарзлари ҳақида бир хил матнли постлар тарқалди. Хабарларга кўра, компаниянинг Yandex олдидаги қарзи гўёки 13,3 млн долларниOctobank олдидаги қарзи 533 млрд сўмниAsia Alliance Bank олдидаги қарзи эса 3,9 млн долларни ташкил этади.

Asia Alliance Bank Humans’дан 65 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундириш илтимоси билан судга мурожаат қилганини хабар қилди.

Топ-менеджернинг ҳибсга олиниши

Октябрь ойида Spot Humans’га таяниб, Humans гуруҳига 6,5 йилдан ортиқ вақт давомида тегишли бўлган UPay тўлов ташкилотининг собиқ бош директори Беҳзод Ботировнинг Ўзбекистонда ҳибсга олинганини хабар қилди. Компаниянинг топ-менеджери 2025 йил 4 июль куни Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди қарори билан қамоққа олинган. Унга Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш) билан айблов эълон қилинган.

2025 йил сентябрь ойида суд ҳибс муддатини 2026 йил февраль ойигача узайтириб, буни «терговдан яшириниш ва далилларни йўқ қилиш хавфи мавжудлиги» билан асослаган. Тадбиркор 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Humans’да жиноий иш очилишига онлайн қимор ва букмерлик фаолияти соҳаси регулятори бўлган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг сўрови сабаб бўлганини маълум қилишган.

Компания тадбиркор Беҳзод Ботировнинг қамоққа олинишини «иш ҳолатларига номутаносиб ва асоссиз» деб атаган, бундай турдаги иқтисодий ишлар ҳуқуқий амалиётда маъмурий ёки молиявий чоралар билан ҳал қилинишини таъкидлаган.

2024 йил сентябрда Марказий банк Humans’га тегишли бўлган Maroqand тўлов ташкилоти — UPay брендининг фаолиятини олти ойга чеклаган, бу унинг банк ҳисобидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш хизматларининг тўхтатилишига олиб келган. Ўша пайтдаги Марказий банкнинг собиқ раҳбари Мамаризо Нурмуратов Maroqand лицензияси фуқароларнинг пулларини ноқонуний равишда букмерлик контораларига ўтказиш туфайли вақтинча тўхтатилганини тушунтирган эди.

Ўзбекистондаги Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile компанияси 2025 йил май ойида Ўзбекистонга қарши ҳакамлик суди жараёнини бошлаган. У давлат органларини, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком»ни ўз ҳуқуқларини бузганликда айбламоқда. Компания зарарни қоплашни талаб қилмоқда, унинг миқдори ошкор этилмаган.

«Ўзбектелеком» виртуал операторнинг даъволарини рад этди ва Humans компания тармоғидан фойдаланган ҳолда даромад олишда давом этаётганини, лекин ўз мажбуриятларини тўлашни кечиктираётганини маълум қилди.