
Ўзбекистонда 2026 йил 29 январдан бошлаб Нипаҳ вируси тарқалиши муносабати билан Ҳиндистондан ҳайвонларни олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Тегишли қарор Ўзбекистон бош давлат ветеринария инспектори ўринбосари томонидан 29 январда қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ҳиндистоннинг бутун ҳудудидан тирик ҳайвонлар ва паррандаларни олиб киришга тақиқ қўйилган.
Бундан ташқари, Ғарбий Бенгалия штатидан давлат ветеринария хизмати назоратида бўлган барча турдаги товарларни (гўшт, сут, тухум, балиқ ва ҳ.к.) импорт қилиш вақтинча чекланади. Халқаро транзит ушбу чекловлар доирасига кирмайди.
Қарорда қайд этилишича, ушбу чора Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бутунжаҳон ташкилоти (WOAH) маълумотлари ҳамда очиқ манбалардаги Ғарбий Бенгалияда Нипаҳ вируси тарқалиши билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият ҳақидаги хабарлар асосида қабул қилинган.
Зарур ҳолларда, эпизоотик жиҳатдан барқарор ҳудудлардан маҳсулот олиб кириш масалалари давлат ветеринария хизмати томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши мумкин.
Ҳудудлардаги, шунингдек, давлат чегараси ва транспортдаги бош ветеринария инспекторларига жорий этилган чекловларга риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси 2026 йил 26 январь куни нафас йўллари ва бош мия яллиғланишини келтириб чиқарувчи Nipah вируси Ўзбекистонда қайд этилмаганини маълум қилди. Ушбу вирус зооноз бўлиб, одамга ҳайвонлардан, масалан, кўршапалаклардан юқади. Шунингдек, вирус ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ва одамдан одамга ўтиши ҳам мумкин. Сўнгги йилларда Nipah вирусини юқтириш ҳолатлари Ҳиндистонда мунтазам равишда қайд этилмоқда, одамларнинг касалланиш ҳолатлари Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.